Абу-Дабида АҚШ, Украина ва Россия ўртасида урушни тўхтатиш бўйича тинчлик музокаралари давом этмоқда. Уч томонлама ўтаётган музокараларда асосий эътибор Донбасснинг келажагига қаратилган, деб хабар берди Evronews.
Жума куни бошланган ва бугун ҳам давом этаётган музокараларни Оқ уй самарали деб атади. БАА Ташқи ишлар вазирлиги эса бу учрашувлар инқирозни сиёсий йўл билан ҳал этишга қаратилган саъй-ҳаракатларнинг бир қисми эканини таъкидлади.
Зеленский украиналик вакиллар унга деярли ҳар соат ахборот бериб тураётганини айтди. “Бу жуда муҳим, чунки бундай уч томонлама учрашувлар анча вақтдан бери бўлмаган”, - деди у ижтимоий тармоқларда эълон қилинган видеомурожаатида.
Асосий муаммолар сақланиб қолаётгани ва натижа ноаниқ эканига қарамай, айрим кузатувчилар бу учрашувни келишув сари қадам сифатида баҳоламоқда.

Москва бу учрашув ва вакиллар ҳақида маълумот бериб, уни “хавфсизлик масалалари бўйича ишчи гуруҳ” деб атади. Кремль матбуот котиби Дмитрий Песков Украина қўшинларининг Донбассдан чиқарилиши Россия учун “муҳим шарт” бўлиб қолишини айтди ва бошқа “нозик жиҳатлар” ҳам муҳокама қилинаётганини, бироқ бу жиҳатларнинг қандай эканлигига аниқлик киритмади.
Вашингтон Стив Уиткофф ва Жаред Кушнер Абу-Дабида бўлиб ўтаётган музокараларда АҚШ Қуруқлик қўшинлари вазири Дэн Дрисколл ҳамда НАТОнинг олий ҳарбий қўмондони, АҚШ Ҳарбий-ҳаво кучлари генерали Алексус Гринкевич билан бирга иштирок этишини тасдиқлади. Украина томонидан эса Миллий хавфсизлик ва мудофаа кенгаши раҳбари Рустем Умеров, Бош штаб бошлиғи Андрей Гнатов ва Президент офиси раҳбари Кирилл Буданов қатнашмоқда. Кремль матбуот котиби Дмитрий Песковнинг айтишича, адмирал Игорь Костюков бошчилигидаги Россия делегацияси ҳарбий амалдорлардан иборат.
Шу билан бирга, пайшанба куни АҚШ президенти Дональд Трампнинг вакиллари Уиткофф ва Кушнер Москвада Россия президенти Владимир Путин томонидан қабул қилинди. Улар Украинадаги вазиятни бартараф этиш масаласини муҳокама қилишди.
Жума тонгигача давом этган музокаралар чоғида Кремль ҳар қандай тинчлик келишуви Россия томонидан эгаллаб олинган, аммо тўлиқ назорат қилинмаётган шарқий ҳудудлардан қўшинларни чиқаришни талаб қилишини билдирди.
Кенжа Бекжонов, ЎзА