АҚШ Тайванда сайлов бўлиб ўтгандан кейин оролга делегация жўнатишни режалаштирмоқда, бироқ сафар муддати ҳамда делегация таркибига ҳозирча аниқлик киритилмаган, дейилади Оқ уй маъмуриятининг юқори лавозимли вакили тарқатган баёнотда.
“Биз сайловдан кейин норасмий делегациямизни жўнатмоқчимиз. Делегация қачон жўнатилиши ва унинг иштирокчилари ҳақида ҳозирча маълумот беролмаймиз”, - деган у сайловга бағишлаб ўтказилган махсус брифингда.
Оқ уй вакилининг қўшимча қилишича, мазкур сафар бўйича қатор масалалар юзасидан ҳали бир қарорга келинмаган.
ХХРнинг Вашингтондаги элчихонаси матбуот котиби Лю Пэнъюй “РИА Новости”га берган интервьюсида АҚШ Тайвань билан расмий алоқаларга чек қўйиши ҳамда оролнинг Хитойдан мустақил бўлишини қўллаб-қувватлашга ишораларни бас қилиши керак, деган эди. Бундан ташқари, элчихона вакили Вашингтонни Тайвандаги сайловларга умуман аралашмасликка чақирган.
13 январь куни Тайвань маъмурияти раҳбари ҳамда унинг ўринбосари учун сайловлар бўлиб ўтади. Тайван атрофидаги сиёсий вазият АҚШ Вакиллар палатаси спикери Нэнси Пелосининг 2022 йил августда оролга ташриф буюрганидан кейин кескинлашди. Ўшанда Хитой Пелосининг ташрифини қоралаган эди ва АҚШ Тайвань айирмачилигини қўллаб-қувватлаяпти деб кенг кўламли ҳарбий машқлар бошлаган.