Русский
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
АҚШ “шатдаун” шароитида ҳар ҳафта ялпи ички маҳсулотдан 15 миллиард доллар йўқотади
20:51 / 2025-10-03

АҚШ маъмурияти ҳисоб-китобига кўра, ҳукумат фаолияти тўхтаб қолиши ҳар ҳафта ялпи ички маҳсулот тахминан 15 миллиард доллар камайишига олиб келади. Бу ҳақда “Politico” нашри манбаларга таяниб ёзган.

Президент Трампнинг иқтисодий маслаҳатчилари агар ушбу вазият бир ой давом этса, ишсизлар сони 43 000 кўпайиши, истеъмол харажати эса 30 миллиард доллар қисқариши мумкинлигини тахмин қилишган. Бу таҳлилда ҳалиям тахминан 1,9 миллион федерал ходим ишдан бўшатилиши ёки маошсиз ишлаши ҳисобга олинмаган.

Оқ уй ёрдамчилари республикачиларга юбориладиган ҳужжат уларнинг ҳукумат ёпилишига муносабатини шакллантиришга қаратилганини таъкидлаган.

Халқаро валюта жамғармаси алоқалар бўйича директори Жули Козак фикрича, мамлакат иқтисодиётига салбий таъсир даражаси “шатдаун”нинг давомийлигидан келиб чиқади.

– Таъсир кўп жиҳатдан ёпилиш муддати ва шартига боғлиқ, – деган мулозим журналистларга брифингда. – Федерал ҳукумат тўлиқ молиялаштирилиши таъминланадиган муроса йўли топилишига умид қиламиз, албатта.

АҚШ тарихида бюджет тасдиқланмагани ортидан ҳукумат фаолияти узилиши тез-тез кузатилади. 1977 йилдан буён маъмурият ва Конгресс ўртасидаги келишмовчилик туфайли федерал ҳукуматни молиялаштириш 20 мартадан кўп тўхтаб қолган. Энг узоқ муддат 2018 йил 22 декабрдан 2019 йил 25-январгача – 35 кун чўзилган. Қизиғи, ўшанда ҳам Трамп ҳокимият тепасида эди.

С.Раҳимов, ЎзА