Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
АҚШ савдо урушида ХХРга ён берди(ми?)
13:34 / 2025-08-12

Кеча Дональд Трамп Хитой билан тариф бўйича сулҳни яна 90 кунга чўзди. Бу қарор икки мамлакат ўртасида сўнгги ойларда кучайган савдо кескинлигини юмшатиш ва келгуси уч ойда янада кенг қамровли музокара ўтказиш имконини яратади. Янги муддат сифатида 10 ноябрь белгиланди.

— ХХРга тарифни тўхтатиш бўйича ижро фармойишини имзоладим ва шу тариқа муддат 90 кунга узайди, — деб ёзган Америка етакчиси ижтимоий тармоқ орқали. — Битимнинг бошқа барча бандлари кучида қолади.

Хитой ҳам АҚШ товарларига қўйилган тариф вақтинча тўхтатилишини эълон қилди.

Оқ уй маълумотига кўра, келгуси уч ой давомида олиб бориладиган музокара адолатсиз савдо амалиётини бартараф этиш, ушбу океан орти мамлакати маҳсулотларининг Чин бозорига кириш йўлини кенгайтириш, икки томонлама савдо номутаносиблигини камайтириш ва миллий хавфсизлик соҳасидаги ҳамкорликни кучайтиришга қаратилади.

Охирги уч ой АҚШ ва Хитой расмийлари Стокгольм, Женева ва Лондонда уч марта учрашди. Мулоқотлар давомида хом ашё экспортига қўйилган чекловни юмшатиш, Пекинга газ сотиш жараёнидаги тўсиқларни олиб ташлаш мавзулари ҳам кўтарилди. Умумий саъй-ҳаракатлар самараси май ойида томонлар божни вақтинча камайтиришга келишгани, АҚШга Хитойдан кириб борадиган маҳсулотларга тариф 145 дан 30 фоизга, АҚШ товарларига қўйилган бож эса 125 дан 10 фоизга  туширилганида яққол намоён бўлди.

Навбатдаги келишув айниқса ХХРдан йирик ҳажмда маҳсулот олиб келадиган соҳалар, жумладан ўйинчоқ ва кийим-кечак саноати учун муҳим. Муддат 90 кун узайтирилиши эса бизнесга камида “Рождество” савдо мавсумигача барқарорликни таъминлаш имконини беради.

Мусулмон Зиё, ЎзА