АҚШ Қишлоқ хўжалиги вазирлиги 10 йил давомида 1 миллиард дона дарахт кўчати экиш режасини эълон қилди
АҚШ ҳукумати ўрмонларнинг қисқариб кетишига қарши курашиш мақсадида 10 йил давомида тахминан 1 миллиард дона дарахт кўчати экишни режалаштирмоқда. Бу ҳақда мамлакат Қишлоқ хўжалиги вазирлиги матбуот хизмати ижтимоий тармоқ орқали хабар тарқатди.
Ўрмон ёнғинлари йилдан-йилга кучаймоқда ва ўрмонлар табиий йўл билан ўзини қайта тиклай олмаяпти, дейилади матбуот хизмати тарқатган хабарда. Ҳозирда 4,1 миллион акр (1,7 миллион гектар) ерда дарахтлар қуриб, чўлланиш арафасида турибди.
АҚШ Қишлоқ хўжалиги вазири Том Вилсакнинг таъкидлашича, “ўрмонлар иқлим ўзгаришига қарши курашда энг кучли қурол ҳисобланади”. Унинг айтишича, кўп дарахт экиш ўрмон ёнғинлари, қурғоқчилик ва касалликларнинг салбий таъсирини пасайтириш имконини беради.
Ўта юқори ҳарорат туфайли АҚШнинг турли ҳудудлари ёнғин ичида қолмоқда. Табиийки, бу ҳолат одамларни ўз уйларини ташлаб чиқишга мажбур қилмоқда, ўрмонларга катта миқдорда зиён етказмоқда.