АҚШ Қирғизистонга эскирган ўқ-дориларни йўқ қилиш учун 2 миллион доллар ажратмоқда
Қўшма Штатлар Қирғизистонга 2 миллион доллар ажратиш ниятида.
Ушбу маблағ республикадаги эскирган ўқ-дориларни йўқ қилишга йўналтирилади. АҚШнинг Бишкекдаги элчихонаси пайшанба куни шу ҳақда маълум қилди.
"АҚШ эскирган ўқ-дорилар ва портловчи воситалар йўқ қилиниши учун Қирғизистонга 2 миллион доллар ажратади", – дейилади хабарда.
Элчихонанинг маълум қилишича, пулларни 2023 йилда бериш режалаштирилмоқда.
Мазкур лойиҳа Қирғизистон давлат миллий хавфсизлик қўмитасининг чегара хизмати, ЕХҲТ ҳамда ITF (нотижорат гуманитар ташкилот) билан биргаликда амалга оширилади.
"Эскирган ўқ-дорилар Қирғизистон фуқаролари ва ҳарбий хизматчилари ҳаётига хавф солмоқда", – дейди АҚШ элчихонаси вакиллари.