Бу сафар диққат марказида президент Дональд Трампнинг ваколатлари ва ижро ҳокимиятининг иши турибди.
Суд муҳокамасига қўйилган масалалар нафақат Трамп сиёсатига, балки АҚШ демократиясининг келажакдаги йўналишига ҳам бевосита таъсир кўрсатиши мумкин.
Қўшма Штатлар етакчиси ўзининг иккинчи президентлик муддатида бир қатор баҳсли қарорлар – бюджетни қисқартириш, федерал идоралар устидан назоратни кучайтириш ва Миллий гвардия кучларини штатлар розилигисиз сафарбар этиш ташаббуслари билан сиёсий майдонни кескинлаштирган эди. Энди бу ҳаракатларнинг конституциявийлиги Олий суд томонидан кўриб чиқилади.

Суд шунингдек, президентнинг мустақил федерал агентликлар раҳбарларини ишдан олиш ҳуқуқи, импорт тарифларини бир томонлама ўрнатиш ва иммиграция сиёсатини ўзгартириш ваколатлари бўйича ҳам қарор чиқаради.
Мутахассислар бу ҳаракатни “президентлик кучлари ва конституциявий мувозанат учун бурилиш нуқтаси” деб атамоқда. Чунки Олий суд қарорлари нафақат Трамп маъмуриятининг сиёсий имкониятларини, балки келажакдаги барча АҚШ президентларининг ҳокимият доирасини ҳам белгилаб беради. Суд қарорлари 2026 йил ёзида эълон қилинади.
Мусулмон Зиё, ЎзА