АҚШнинг Юта штатига қарашли “Deseret News” сайтида Ўзбекистон халқаро исломшунослик академияси ректори, Халқаро ICESCO ташкилоти ижроия кенгаши аъзоси Музаффар Комиловнинг “Ўзбекистондан Ютагача: дин ва ижтимоий ҳамжиҳатлик сабоқлари” номли мақоласи эълон қилинди.
Мазкур нашр кейинги йилларда Ўзбекистон – АҚШ стратегик шериклиги жадал ривожланаётгани, жумладан мамлакатимизнинг Юта штати билан турли соҳалардаги шериклиги изчил тус олганига эътибор қаратган.

Ютада дин жамият ҳаётидаги барқарорлик ва бирдамликни таъминловчи асосий кучлардан бири сифатида эътироф этилди. Бу ерда дин фақат ибодат эмас, балки инсоннинг ҳаёт тарзи, жамиятдаги муносабатлар ва маънавий муҳитнинг муҳим қисмига айланган. Дин маҳаллий урф-одат ва қадриятлар билан уйғунлашиб, одамларни бирлаштиради, аҳолида ўзаро ёрдам ва масъулият туйғусини мустаҳкамлайди.
Шу жиҳатдан мазкур тажриба жаҳон миқёсида ҳам алоҳида қизиқиш уйғотади. Зеро, иқтисодий муваффақият маънавий-ахлоқий устуворлик билан уйғун ҳолда намоён бўлаётган жамиятда барқарорлик ва фаровонлик табиий ҳолга айланади.

Юта тажрибаси давлат ва дин ўртасидаги муносабатларда мувозанат ва ўзаро ҳурмат тамойилларининг мукаммал намунасидир. Бу штатда давлат ва диний ташкилотлар ўртасида аниқ чегара мавжуд, шу билан бирга бир-бирининг вазифасига аралашмасдан, ягона мақсад – инсон фаровонлиги ва жамият барқарорлиги йўлида қадам ташлайди.
Бу муносабатлар асосида бир муҳим ҳақиқат ётади: дин ва давлат рақиб эмас, балки инсон учун биргаликда хизмат қиладиган икки қанотдир.

Хусусан, мақола муаллифи Юта ва Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт йўли бир умумий ҳақиқатни тасдиқлаши, яъни дин нафақат ибодат, балки маърифат, инсонпарварлик ва ижтимоий барқарорлик манбаи ҳам эканига урғу берилган. Дарҳақиқат, юртимизда ҳам давлат ушбу соҳага аралашмасдан, диннинг ижтимоий ҳаётдаги ижобий аҳамиятини қўллаб-қувватлаши таъкидланган.

Ўзбекистонда Ислом цивилизацияси маркази, шунингдек Имом Бухорий, Имом Термизий, Имом Мотуридий ва Баҳоуддин Нақшбанд илмий марказлари ташкил этилгани, бу муассасалар нафақат диний билимларни тарғиб қилиши, балки миллатнинг маънавий ўзлигини мустаҳкамлашга ҳам хизмат қилиши очиб берилган.
Ғ.Хонназаров, ЎзА