АҚШ Мьянма давлат маъмурий кенгаши ва мамлакатнинг бир қатор юқори мансабдор шахсларига қарши санкция қўлламоқда, деб маълум қилди АҚШ молия вазирлиги.
Жазо рўйхатига давлат маъмурий кенгашидан ташқари, яна 15 киши киритилган. Улар орасида чегара масалалари бўйича, савдо, соғлиқни сақлаш, молия, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, спорт вазирликлари раҳбарлари ҳамда сайлов комиссияси раиси ва давлат маъмурий кенгашининг бошқа аъзолари ҳам бор.
Мьянма ҳарбийлари 1 февраль куни ҳукумат раҳбарларини қамоққа олиб, ҳокимиятни эгаллади. АҚШ Мьянмада бўлган воқеаларни давлат тўнтариши, деб баҳолади ва мамлакатга бир қатор санкцияларни жорий қилди.
Мьянманинг кўплаб шаҳарларида уч ойдан буён ҳарбий ҳукуматга қарши оммавий норозиликлар бўлиб ўтмоқда.
Апрель ойи ўрталарида норозилик чиқишлар бироз пасайди, бироқ хавфсизлик кучлари билан қуролли тўқнашувлар юз бера бошлади. Маҳаллий маъмурият вакилларига, ҳужумлар уюштирилиб, маъмурий бинолар ёқиб юборилмоқда.
Ҳарбий ҳукуматнинг таъкидлашича, Мьянмада пандемия авжига чиққанига қарамай шифокорлар ва транспорт ходимларининг иш ташлашлари натижасида касалхоналар ва жамоат транспортлари ишламаяпти.