Oʻzbek
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
АҚШ Меҳнат вазирлиги вакиллари Фарғонада
18:10 / 2023-01-27

Фарғонада АҚШ Меҳнат вазирлиги Халқаро меҳнат масалалари бошқармасининг одам савдоси, мажбурий меҳнат ва болалар меҳнати масалалари бўлими вакиллари Маргарет Жунгк, Сара Соломон ҳамда АҚШнинг Ўзбекистондаги элчихонаси вакили Сара Бэккерни иштирокида учрашув бўлиб ўтди.

Мулоқотда Фарғона вилояти ҳокимининг қишлоқ ва сув хўжалиги масалалари бўйича ўринбосари Алибек Турсунов қишлоқ хўжалиги, хусусан, пиллачилик тармоғида олиб борилаётган ишлар хусусида маълумот берди. Шунингдек, ташриф доирасида одам савдоси ва мажбурий меҳнатга қарши курашиш борасида Фарғона вилоятида амалга оширилган кенг кўламли ишларнинг натижалари билан танишиш мақсадида меҳмонлар вилоятда фаолият кўрсатаётган маҳаллий пиллачилик корхоналарида бўлдилар.  

“Nurli tong silk” масъулияти чекланган жамияти, “Водий маржони” хусусий корхонаси, Марғилон шаҳридаги Ҳунармандлар маркази меҳмонларда катта қизиқиш уйғотди.  

–Айнан пиллачилик соҳасида кейинги йилларда ишчи-хизматчилар меҳнатини ҳимоя қилиш, соҳа фаолиятини халқаро меҳнат қонунчилиги меъёрлари асосида ташкил этиш ва мажбурий меҳнатга йўл қўймаслик борасида қувонарли натижаларга эришилмоқда, –дейди Фарғона вилояти “Агро пилла” масъулияти чекланган жамияти бошқаруви раиси Мақсуджон Қосимов. – АҚШ Меҳнат вазирлиги вакиллари бир қатор пиллачилик корхоналарида бўлиб, ушбу жараённи бевосита кузатиш имконига эга бўлишди. Ўз навбатида АҚШ Меҳнат вазирлиги вакиллари ташриф давомида Фарғона вилояти ҳокимлиги ҳузурида ташкил этилган одам савдоси ва мажбурий меҳнатга қарши курашиш ҳудудий комиссияси фаолияти билан танишиб, комиссия аъзолари билан ҳам суҳбатлашди.

М.Сулаймонов, ЎзА