Сўнгги йилларда муҳим минераллар АҚШ – Марказий Осиё муносабатларида муҳим йўналишга айланди. 2024 йил февраль ойида Қўшма Штатлар геология-қидирув соҳасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш, кончилик ва қайта ишлаш саноатига инвестиция жалб қилиш ва Марказий Осиё минералларини АҚШ бозорига олиб кириш учун C5+1 муҳим минераллар мулоқотини бошлади. Ўша йили Қозоғистон ва Ўзбекистон АҚШ бошчилигидаги Минерал ресурслар хавфсизлиги бўйича ҳамкорлик форумига қўшилди ва Хитойга камроқ боғлиқ бўлган янада бардошли таъминот занжирини яратишга ваъда берди. Ҳозирча бу борадаги саъй-ҳаракатлар амалий эмас, балки мулоқот босқичида.
Маълумки, Марказий Осиё АҚШ иқтисодиёти ва миллий хавфсизлиги учун муҳим ҳисобланган улкан минерал захира, жумладан уран, хромит, мис, титан, олтин ва сурма конлари, шунингдек ноёб ер унсурлари ва бошқа стратегик металларга бой ўзлаштирилган конларга эга. Минтақамизнинг иқтисодиёти энг йирик икки мамлакатида ҳам устувор соҳа сифатида тан олинадиган кончилик Қозоғистонда ялпи ички маҳсулотнинг тахминан 17 фоизини, Ўзбекистонда эса 8 фоизини ташкил этади. Яъни, давлатларимиз чуқур қазиб олиш соҳасида бой тажрибага, саноатни ривожлантиришга кўмаклашадиган мавжуд ижтимоий лицензияларга эга.
Ўзбекистоннинг “Boeing” билан самолётлар учун 8,5 миллиард долларлик шартномаси ва Қозоғистоннинг “Wabtec” билан локомотивлар учун 4,2 миллиард долларлик шартномаси каби сўнгги тижорий битимлар АҚШ ва Марказий Осиё иқтисодий алоқалари ўсиб бораётганини яққол кўрсатади.
Ушбу натижаларга қарамай, кончилик соҳасида ҳали фойдаланилмаган имкониятлар жуда кўп. Ҳозир Хитой ва Россия капитали минтақанинг кончилик, қайта ишлаш ва логистика тармоғида устунлик қилади. Шу билан бирга ғарбга томон транспорт йўллари ривожланмагани, сурункали энергия танқислиги каби салбий омиллар Ғарб инвестициясига тўсқинлик қилишда давом этяпти. Шу нуқтаи назардан C5+1 саммити Вашингтон йўналишидаги дипломатияни аниқ сармояга айлантириш, Марказий Осиёнинг ўзгарувчан минерал ишлаб чиқариш ландшафтида Қўшма Штатларни рақобатчилари ўрнида янги, ишончли шерик сифатида кўриш учун стратегик имконият яратади. Зеро, Марказий Осиёда Қўшма Штатлар муҳим деб ҳисоблайдиган муҳим минерал захиралари мавжуд.
Муҳаррама Пирматова, ЎзА