ТАСС агентлигининг ёзишича, Қўшма Штатлар Марказий Осиёнинг бешта республикасини Россияга нисбатан Америка қўллаган санкцияларга амал қилиш бўйича қандай қадамлар ташлаш кераклиги ҳақида хабардор қилган. Бу ҳақда чоршанба куни АҚШ Конгресси Сенатининг ташқи ишлар бўйича қўмита мажлисида Американинг санкциялар сиёсати мувофиқлаштирувчиси Жеймс О'Брайен маълумот бергани айтилмоқда.
Унинг эслатишича, АҚШ давлат котиби Энтони Блинкен ўтган ҳафта Нью-Йоркда бўлиб ўтган БМТ Бош Ассамблеясининг 77-сессияси доирасида Марказий Осиё мамлакатлари (Қозоғистон, Қирғизистон, Туркманистон, Тожикистон ва Ўзбекистон) ташқи ишлар вазирлиги раҳбарлари билан учрашув ўтказган. "Биз санкцияларимизга қандай амал қилиш бўйича кўрсатмалар бердик. Хавотиримизга сабаб бўлаётган аниқ воқеаларни баён қилдик. Улар айнан нима қилиши мумкинлиги бўйича келгусида ҳам мулоқотларимиз давом этади", – деди Давлат департаменти тузилмасида хизмат қилаётган дипломат О'Брайен.
"Москва билан аввал йўлга қўйилган муносабатларнинг муқобилига эга бўлишдан ушбу мамлакатларнинг барчаси хурсанд бўлади", – дея таъкидлаган америкалик дипломат.
"Биз ушбу йўналишда ишни давом эттирамиз", –деган у. "Биз ушбу мамлакатлар билан уларга бошқа вариантларни тақдим этиш учун ишлаяпмиз, булар маҳсулотларини жаҳон бозорига чиқариш учун Россия ҳудудидан бошқа муқобил йўналишларга эга бўлишдан тортиб нақд маблағлар билан жалб қилинадиган инвестицияларни ишлаб чиқиш масаласига", – дея қўшимча қилган О'Брайен.