English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
AҚШ Конгресси делегацияси билан учрашув
17:51 / 2022-04-11

Айни кунларда мамлакатимизда бўлиб турган AҚШ Конгресси делегацияси Республика вакцина сақлаш омборхонаси билан танишиш ва Соғлиқни сақлаш вазирлиги ходимлари билан учрашиш мақсадида Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизматига ташриф буюрди.

Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан 2014 йилда Вакциналар ва иммунизация бўйича Глобал Алянс (GAVI) ташкилотига иммунизация дастури орқали Соғлиқни сақлаш тизимини мустаҳкамлаш мақсадида буюртма берилган. 



Натижада, GAVI ташкилоти Ўзбекистон Республикаси иммунизация дастурининг мустақил ва барқарор ривожланиш ташаббусини қўллаб-қувватлаб, мазкур тадбирни амалга ошириш учун ЮНИСЕФ ва ЖССТ ташкилотларига 2017 йилдан 2021 йилгача бўлган муддатга 17 миллион АҚШ доллари миқдорида маблағ ажратди. Ушбу маблағлар республикада вакциналарни сифатли сақлаш учун зарур бўладиган совуқлик занжири тизимини яратиш, уни мустаҳкамлаш, модернизация қилиш, ходимлар салоҳиятини ошириш, бошқарувни яхшилаш ва иммунизация тизимида вакциналар логистикасини йўлга қўйиш, унинг хавфсизлигини таъминлаш устидан ахборот-коммуникация технологияларини жалб қилиш  орқали сифат, миқдор, қолдиқ ва эҳтиёжнинг қондирилиш даражаси устидан мониторинг олиб бориш мақсадларига қаратилган. 

Ажратилган маблағлар хисобидан вакциналар омбори қуриб битказилди ва  2021 йил 20 ноябрь Жаҳон болалар кунида ЮНИСЕФ ташкилоти объектни Соғлиқни сақлаш вазирлигига топширди. 

– Республика вакцина сақлаш омборхонаси Марказий Осиёдаги энг йирик вакциналар омборхонаси хисобланади, – дейди Ўзбекистон Республикаси Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати бошлиғи Баҳодир Юсупалиев. – Мазкур объект сақлаш температураси турлича бўлган катта миқдордаги вакциналарни сақлашга мўлжалланган ва миллий эмлаш дастури учун логистика марказига айланиб, вакциналарни етказиб бериш ва уларни бошқариш учун имкониятларни кенгайтиради. Яхши ишлайдиган таъминот тизими ва совуқлик занжирига эга бўлиш самарали миллий иммунизация дастури учун жуда муҳим ҳисобланади.

Республика вакциналар омборида ҳозирда мавжуд бўлган барча турдаги вакциналарни сақлаш мумкин. У деярли 1000 м2 учта совуқлик камераси (2-8 ° C), ультрасовуқ совутгичлар (3000 л ҳажмли) ва музлатгич хоналар (40 м3) билан жиҳозланган бўлиб, иммунизация учун зарур материаллар сақланадиган 1000 м2 қуруқ омборга ҳам эга. Омборхона юкларни тез ва самарали бошқариш учун электр юк кўтаргичлар, док навеслари, текислаш платформалари ва кўтариш механизмлари билан жиҳозланган. Улар иккита электр тармоғига уланган ва узлуксиз электр таъминоти учун кучли заҳира дизель генераторига эга.  

Таъкидланишича, ЮНИCEФ 2021-2025 йилларга мўлжалланган Мамлакат ҳамкорлик дастури доирасида таъминот тизими ва совуқлик занжирини бошқариш, режалаштириш, мониторинг ва баҳолаш соҳаларида миллий ва маҳаллий салоҳиятни мустаҳкамлаш учун Ўзбекистон ҳукуматини қўллаб-қувватлашда давом этади. 

Моҳигул Қосимова, ЎзА