Қўшма Штатлар расмий равишда Жаҳон Соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) аъзолигидан чиқмоқчи. Президент Дональд Трамп 2025 йил бошидаёқ бу ҳақида маълум қилганди. Ҳужжатга кўра, чиқиш ҳақида бир йил олдин хабар бериш ва ташкилотга қарздор бўлган 260 миллион доллар тўловни амалга ошириш мажбурияти мавжуд.
Мамлакат Давлат департаменти вакили Вашингтоннинг ЖССТга маблағ ўтказмаслик қарорини “ташкилотнинг маълумотларни вақтида етказмаслиги ва соғлиқни сақлашни бошқаришда етарлича ҳаракат қилмагани туфайли АҚШга триллионлаб доллар зарар етгани” билан изоҳлади. ЖССТ раҳбари Тедрос Аданом Гебрейесус ушбу қарорни қайта кўриб чиқишга чақирди, чунки бу нафақат АҚШ, балки бутун дунё учун зарар ҳисобланади.
Мазкур ҳолат ЖССТ бюджети учун жиддий муаммо туғдирди: агентлик бошқарув жамоасини ҳамда иш фаолиятини қисқартиришга ва ходимлар сонини 25 фоизга камайтиришга мажбур бўлмоқда. АҚШ ташкилотнинг энг катта молиявий ҳомийси бўлиб, бутун бюджетнинг 18 фоизини таъминлаган.
Глобал соғлиқни сақлаш мутахассислари бу қарор АҚШ, ЖССТ ва бутун дунё учун соғлиқни сақлаш тизимларини заифлаштириши, касалликларни аниқлаш, олдини олиш ва уларга жавоб бериш қобилиятини камайтириши мумкинлигини таъкидлашмоқда.
Мусулмон Зиё, ЎзА