Корея Республикаси, АҚШ ва Япония етакчиларининг миллий хавфсизлик бўйича маслаҳатчилари БМТ Хавфсизлик Кенгашининг КХДРга оид резолюцияларини бажариш учун мамлакатлар ўртасидаги ҳамкорликни кучайтиришга келишиб олдилар. Бу ҳақда Корея Республикаси Президенти маъмурияти миллий хавфсизлик департаменти директори Чо Тхе Ёнга таяниб, ТАСС маълум қилди.
– Биз Шимолий Корея БМТ Хавфсизлик Кенгаши резолюцияларига кўра, ядросизланишдан ўтиши ва ҳарбий ҳамкорликдан воз кечиши шартлигини тасдиқладик, халқаро ҳамжамият томонидан санкция тўлиқ амалга оширилиши учун уч давлат ўртасидаги ҳамкорликни кучайтиришга келишиб олдик, - деди Чо Тхе Ёнг уч томонлама музокара якунига бағишланган матбуот анжуманида.
Сеулда Чо Тхе Ёнг, Япония Миллий хавфсизлик кенгаши котиби Такэо Акиба ва АҚШ Президентининг миллий хавфсизлик бўйича ёрдамчиси Жейк Салливан учрашди. Чо Тхе Ёнг қўшимча қилишича, ушбу ҳамкорлик доирасида реал вақт режимида Шимолий Корея ракеталарини учириш бўйича маълумот алмашиш ва уч томонлама машғулот жадвалини ишлаб чиқиш режалаштирилмоқда.
– Биз Кемп Девид келишувига мувофиқ, иқтисодий хавфсизлик, жумладан таъминот занжири, технологияни ҳимоя қилиш, қўшма тадқиқот соҳаларида ҳамкорликни янада мустаҳкамлашга интилиш бўйича чора-тадбирлар амалга оширишга келишиб олдик,- деди Жанубий Корея расмийси.
Бир кун аввал Чо Тхе Ёнг ҳамкасблари билан алоҳида музокара ўтказганди.