Русский
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
АҚШ Исроилнинг мусулмон олимига ҳужум қилиш таклифини қоралади
14:42 / 2024-10-11

АҚШнинг Ироқдаги элчиси Алина Романовская шиа диний етакчиси Оятуллоҳ Али Ас-Систонийни Исроилдаги 14-канал эълон қилган ҳужум нишонлари рўйхатига киритилганини қоралаб, мусулмон олимини “тинчроқ минтақани тарғиб қилгани” учун олқишлади.

Вашингтон кеча Яқин Шарқда, хусусан, кўрсатув туфайли шиа жамоатчилиги ғазаби кучайиб бораяётган бир пайтда, Ас-Систоний билан бирдамлигини билдирди, деб ёзган “Al-Jazeera”.

– Оятуллоҳ Систоний халқаро миқёсда таниқли ва ҳурматли диний етакчи, – деб ёзган Романовская хоним ижтимоий тармоқда кўрсатувни тўғридан-тўғри тилга олмай. – У тинчроқ минтақани тарғиб қилишда танқидий ва таъсирли овозга эга. Биз Систонийга ҳужум қилиш ҳақидаги ҳар қандай таклифни рад этамиз. Қўшма Штатлар минтақада тинчлик ўрнатишга қаратилган саъй-ҳаракатни қўллаб-қувватлашда давом этмоқда.

Шу ҳафта 14-канал Ҳизбуллоҳ раҳбари ўринбосари Наим Қосим ва ХАМАС етакчиси Яҳё Синварнинг сурати ёнида бошига қизил хоч қўйилган Ас-Систоний суратини кўрсатди.

Келиб чиқиши эронлик, шиа мусулмонлари орасида олий маънавий раҳнамолардан бири саналадиган, Ироқда, Бағдод жанубидаги Нажаф шаҳрида яшайдиган 94 ёшли олим Ас-Систоний омма олдига чиқишни маъқул кўрмайди. Унинг охирги фотоларидан бири 2021 йил Рим папаси Франциск билан учрашув чоғида олинган.

Бинобарин, Оятуллоҳ тез-тез издошларига муҳим воқеалар бўйича умумий сиёсий йўл-йўриқ берадиган баёнотлар бериб туради. Масалан, 2014 йил у ироқликларни ИШИДдан сафарбарлик қабул қилиш ва ўз мамлакатини ҳимоя қилишга чақирувчи диний фармон чиқарган эди.

Сентябрь ойи охирида Ливан бомбардимон қилина бошлагач, Ас-Систоний идораси Исроилнинг “шафқатсиз тажовуз”и ва “ваҳший усуллари”ни қоралади.
Ҳужжат “давом этаётган ваҳшиёна тажовузни тўхтатиш ва Ливан халқини ҳалокатли оқибатдан ҳимоя қилиш учун бор имкониятни ишга солишга” ҳам чақиради.
Бир неча кун олдин Ироқ ҳукумати Ас-Систоний сурати эълон қилинган дастурни танқид қилиб, воқеани “жирканч қоидабузарлик” сифатида баҳолади. Айни ҳаракат минтақада “хавф ва зўравонлик доирасини кенгайтириши” мумкинлигидан огоҳлантирди.

Муҳаррама Пирматова, ЎзА