АҚШ 11 та F-22 кўп мақсадли қирувчи самолётини Буюк Британиянинг Лейкенхит авиабазасидан Исроил жанубига учирди. Маълум бўлишича, ҳавога кўтарилган 12 учоқдан бири техник носозлик сабаб ортга қайтган. Бу ҳақда "The Times of Israel" хабар берди.
Бу самолётлар аввал Буюк Британияга етиб келиб, бир неча кун қолган, сўнгра Исроилга йўналтирилган.
Агентлик маълумотига кўра, Қўшма Штатлар илгари Яқин Шарқдаги авиабазаларга ўнлаб F-22 ва F-35 қирувчи-бомбардимончи самолётлари, шунингдек F-15 ва F-16 қирувчи самолётлари ҳамда бир неча танкер жойлаштирган. Шу билан бирга юзлаб транспорт рейслари ҳам амалга оширилган.
АҚШ Қуролли кучлари штаб бошлиқлари қўмитаси раиси генерал Ден Кейн ва бошқа юқори лавозимли амалдорлар Эронга қарши ҳарбий ҳаракат узоқ давом этиши мумкинлигидан огоҳлантирган.
Президент Дональд Трамп дипломатик ечим афзаллигини билдирган, аммо музокара самара бермаса, куч ишлатилиши эҳтимоли борлиги билан бир неча бор таҳдид қилган. Эрон ҳам Исроил ва Америка объектларига зарба билан жавоб қайтаришни ваъда қилган. Шу ҳафта Женевада АҚШ - Эрон музокарасининг навбатдаги босқичи ўтказилиши кутиляпти.
Ф. Яхшибоева, ЎзА