2023йил октябрь ойидан бери АҚШ Исроилга 90 000 тоннадан зиёд ҳарбий юк етказиб берган. Шунингдек, Исроил ҳарбийлари Америкадан зирҳли техника ва ўқ-дори ҳам олган. Бу ҳақда “Times of Israel” газетаси мамлакат Мудофаа вазирлигига таяниб маълум қилди.
– Уруш бошлангандан буён АҚШ Исроилга 800 транспорт самолёти, 140 кема, жами 90 000 тоннадан кўп қурол ва ҳарбий техника етказиб берди, – дейилган махсус ҳисоботда.
18 май куни воситачилар орқали олиб борилган музокара боши берк кўчага кириб қолган бир пайтда Исроил мудофаа кучлари ХАМАСни тамомила мағлуб этиш учун “Гидеон аравалари” амалиёти доирасида Ғазо секторида кенг кўламли қуруқлик бўйлаб ҳарбий ҳаракат бошлади. Бундан кўзланган мақсад янги ҳудудларни қўлга киритиш ва ушлаб туриш, ғазоликларнинг шимолдан жанубга оммавий ҳаракатланишига эришиш, муайян нишонларга зарбани кучайтиришдан иборат эди.
Ҳарбийлар фикрича, бу ташаббуснинг аввалгиларидан фарқи ҳудудларни ушлаб туриш. Натижада ХАМАС ҳаракати аъзоларида аввалроқ қайтиш иложи бўлган нуқталарга қайтиш имкони йўқолади.
Айни пайт ХАМАС ҳаракати 58 кишини гаровда ушлаб турибди. Уларнинг ярмидан кўпи вафот этгани тахмин қилинмоқда.
С.Раҳимов, ЎзА