Америка Қўшма Штатлари ва Хитой воситачилар орқали савдо бўйича “юмшоқ мулоқот” бошлаши эълон қилинди. Бу ҳақда АҚШ савдо вазири Говард Лютник “ABC News” телеканалига айтган.
Унинг фикрича, расмийлар Президент Дональд Трамп ва Хитой раҳбари Си Цзиньпин ҳозирги зиддиятни бартараф эта олишини кутяпти.
– Ҳозир тўп Трампда, у ўйинни қай тарзда давом эттириш, Раис Си Цзиньпин билан қандай муомала қилишни билади, – дея қўшимча қилган мулозим.
Ўз навбатида Оқ уй Миллий иқтисодий кенгаши директори Кевин Хассет ҳам икки давлат ўртасидаги савдо алоқаси муҳокамаси жараёни бошланганини тасдиқлади.
2 апрель куни Америка етакчиси бошқа мамлакатлардан кириб келадиган маҳсулотларга алоҳида бож жорий этиб, 9 апрелда 75 дан ортиқ давлатга нисбатан белгиланган янги тариф 90 кунга тўхтатилганини маълум қилди. Ўтган ҳафта Хитойга 54 фоизлик тўлов қоидаси амал қила бошлади.
Пекин бунга жавобан Америка товарларига 34 фоизлик жавоб чорасини кўрди. Шундан сўнг Вашингтон ставкани 104, Хитой эса 84 фоизга кўтарди. Чоршанба куни Трамп Хитой учун тарифни 125, пайшанба куни 145 фоизга чиқарди. Пекиннинг жавоби эса 125 фоизни ташкил этди.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ ХХР ташқи ишлар вазири Ван И “РИА Новости” агентлигига берган интервьюсида АҚШ томонидан Хитой маҳсулотлари божи оширилишини асоссиз, деб атаб, бу чора-тадбир жаҳон бозорига зарар келтираётгани, Вашингтоннинг ўзида ҳам раҳбарият обрўсига путур етказаётганини билдирди. Шунингдек, агар Қўшма Штатлар мамлакатга иқтисодий босимни тўхтатмаса, кучли жавоб қайтарилишидан огоҳлантирди.
С.Раҳимов, ЎзА