АҚШ 2003 йил Ироққа бостириб киргандан бери энди яна йирик ҳаво кучларини Яқин Шарққа жойлаштирмоқда, деб ёзди “The Wall Street Journal”. Ахборотда Америка F-22 ва F-35 қирувчи самолётларини жойлаштириш орқали минтақадаги ҳарбий қудратини оширишда давом этаётгани таъкидланган.
Иккинчи авиаташувчи ва қўмондонлик-бошқарув учоқлари ҳам минтақага йўл олмоқда. Нашр таъкидлашича, кучлар бу тарзда тўпланиши Вашингтонга бир неча ҳафта давомида Эронга қарши жанговар амалиёт ўтказиш имконини беради.
Маълумотга кўра, Трампга Эроннинг сиёсий ва ҳарбий раҳбариятини йўқ қилишдан тортиб, мамлакат ядровий ва ракета дастурлари билан боғлиқ аниқ нишонларга нисбатан чекланган зарбалар йўллашгача бўлган бир неча йўналиш тақдим этилган.
Бундан ташқари “CBS News” тарқатган хабарда айтилишича, Президент Дональд Трамп Эронга қарши шу ҳафта охирида зарба бериш масаласини кўриб чиқмоқда. Бинобарин, якуний қарор ҳали қабул қилинмаган.
– Юқори лавозимли амалдорлар давлат раҳбарига ҳарбийлар шанба куниёқ зарба беришга тайёрлигини айтишди, ҳар қандай ҳаракат вақти ҳафта охиригача чўзилиши мумкин, – дея таъкидлаган манбалар. – Оқ уйда муҳокама давом этяпти, чунки маъмурият вазият кескинлашуви хавфи ва оқибатни баҳоламоқда.
Оқ уй матбуот котиби Кэролайн Ливитт таъкидлашича, “Эронга зарба бериш учун жуда кўп сабаб, асос мавжуд, аммо президент учун асосий восита ҳар доим дипломатия”.
Эрон билан музокара мавзусига изоҳ бераркан, Ливитт қўшимча қилди:
– Баъзи масалалардан жуда узоқмиз. Эронликлар кейинги бир неча ҳафта ичида бизга кўпроқ тафсилот тақдим этишини кутамиз. Президент воқеаларни кузатишда давом этади.
“Reuters” тарқатган сўнгги хабарда АҚШ Эрондан келишмовчиликни ҳал қилиш бўйича таклиф кутаётганига эътибор қаратилган.
– Женевадаги музокарадан сўнг Эрон Қўшма Штатлар билан тўқнашувнинг олдини олишга қаратилган ёзма таклиф тақдим этиши кутиляпти, – деган юқори лавозимли Америка амалдори агентликка.
Нашр Яқин Шарққа юборилган Америка қўшини камида март ойи ўрталарига қадар минтақада қолишини ҳам қўшимча қилган.
С.Раҳимов, ЎзА