АҚШ: G7 ва ЕИ Хитой ва Ҳиндистонга бож белгилаши лозим
АҚШ Молия вазирлиги Европа Иттифоқи ва G7 давлатларини Россия - Украина можароси тугагунча РФ нефтини сотиб олишдан чекланишга мажбурлаш учун Хитой ва Ҳиндистонга “юқори бож” жорий этишга чақирди. Бу ҳақда "Рейтер" ёзган.
- Ҳафта бошида ЕИдаги иттифоқчиларимизга, агар улар ҳақиқатан можарога барҳам беришни истаса, Россия - Украина уруши тугаган куни олиб ташланадиган мақсадли тариф белгилашда бизга қўшилиши кераклигини айтдик, - деди Ғазначилик департаменти вакили агентликка берган изоҳида. - Трамп маъмурияти тайёр, энди G7 доирасидаги ҳамкорларимиз бизга қўшилиши керак.
“Financial Times” Вашингтон 50-100 фоиз оралиғидаги тарифни таклиф қилмоқчи экани ҳақида ёзган. “Рейтер” агентлиги манбаси аниқлик киритишича, АҚШ Молия вазирлиги Украина можаросини ҳал қилиш бўйича саъй-ҳаракатни мувофиқлаштириш учун G7 молия вазирлари йиғилишини чақирган.
С.Раҳимов, ЎзА