Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
АҚШ – Эрон: иқтисодий чоралар ва дипломатик мулоқот
11:41 / 2026-02-07

АҚШ Президенти Дональд Трамп Эрон билан савдо-иқтисодий алоқаларни сақлаб қолаётган давлатларга нисбатан қўшимча бож тарифини жорий этиш назарда тутилган фармонни имзолади.

Ҳужжатга мувофиқ, Эрондан тўғридан-тўғри ёки билвосита товар ёки хизмат импорт қилаётган мамлакатлардан АҚШга кириб бораётган маҳсулотларига қўшимча солиқ солиниши мумкин. Бож миқдори эса аниқ белгиланмаган, эҳтимолий хусусият касб этади.

Оқ уй маълумотига кўра, ушбу қарор Эронга нисбатан амалдаги миллий фавқулодда ҳолат доирасида қабул қилинди. Маъмурият Эроннинг ядровий дастури, баллистик ракета синови ҳамда минтақадаги фаолиятини хавфсизлик билан боғлиқ омиллар сифатида баҳолаб келмоқда. Бинобарин, вазият ўзгарса, фармонга тегишли тузатиш киритилиши мумкинлиги ҳам қайд этилган.

Айни пайт Ўмонда АҚШ ва Эрон вакиллари ўртасида музокара олиб бориляпти. Сўнгги ойларда икки томон иштирокида уюштирилган мазкур илк бевосита мулоқот давомида томонлар ядровий дастур, минтақавий хавфсизлик ва иқтисодий чеклов масалалари бўйича қарашларни мувофиқлаштиришга уринади. Мезбон давлат эса воситачи ҳисобланади.

Эрон расмийлари мамлакатнинг ядровий дастури тинч мақсадга йўналтирилгани, халқаро ҳуқуқ меъёри ва мавжуд келишувлар доирасида амалга оширилаётганини таъкидлаб келади. Теҳрон бир томонлама иқтисодий чеклов масаласида эҳтиёткор муносабат билдириб, дипломатик йўлни устувор, деб билишини айтган. Ҳозирча Эрон томони янги фармон юзасидан расмий баёнот бергани йўқ.

Халқаро кузатувчилар фикрича, иқтисодий босим механизми ва дипломатик мулоқот тенг олиб борилиши АҚШ – Эрон муносабатидаги ҳозирги босқичнинг ўзига хос жиҳатини ифодалайди. Ҳар икки томоннинг кейинги қадами жараён қайси йўналишда ривожланишини белгилаб бериши мумкин.

Дилшод Ҳакимов, ЎзА