Америка Қўшма Штатлари ҳарбийлари Арабистон денгизида "Авраам Линкольн" авиация ташувчисига яқинлашган Эрон учувчисиз учиш қурилмасини уриб туширди. Пентагон маълумотига кўра, кемага “тажовузкорона” яқинлашган дроннинг аниқ мақсадини англаб бўлмаган.
Марказий қўмондонлик вакили капитан Тим Хокинс айтишича, F-35 қирувчи самолёти экипажи ўзини ва кема саҳнидаги ҳарбийларни ҳимоя қилиш мақсадида дронни йўқ қилган. АҚШ томонида қурбонлар ёки техник зарар қайд этилмаган. Расмий Теҳрон ҳозирча ушбу воқеага изоҳ бергани йўқ. Фақат айрим оммавий ахборот воситалари халқаро сув ҳудудидаги бир дрон билан алоқа узилганини маълум қилди.

Воқеа томонлар ўртасида эҳтимолий ядровий музокара масаласи муҳокама қилинаётган бир пайтда содир бўлди. Олдинроқ Трамп келишувга эришилмаслиги минтақада “ёмон оқибатлар”га олиб келиши мумкинлигини айтган. Мазкур хабар тарқалиши билан нефть нархи бир баррелга бир доллардан кўпроқ ошди.
Шу куни яна бир ҳодиса кузатилди: Ҳормуз бўғозида Эрон Инқилобий гвардияси кучлари АҚШ байроғи остида сузаётган тижорат танкерига яқинлашиб, кемани тўхтатишга уринган. Танкер эса тезликни ошириб йўлини давом эттирган ва ҳарбий кема кузатувида хавфсиз ҳудудга чиқиб олган. Кузатувчилар бу ҳодисаларни минтақадаги кескинликнинг яна бир хавфли белгиси сифатида баҳоламоқда.
Мусулмон Зиё, ЎзА