АҚШ элчиси: Трампнинг сабр косаси тўлди
– Россия – Украина можароси туфайли Президент Дональд Трампнинг сабр косаси тўлди, – деди АҚШнинг Туркиядаги элчиси ва Сурия бўйича махсус вакили Томас Барак “Star” газетасига. – Ўйлайманки, музокарада Анқара муҳим роль ўйнайди. Туркия ва Россия Украина билан анъанавий муносабатга эга. Айни омил ҳеч бўлмаганда мулоқот ўрнатишда аҳамият касб этади.
Кеча Истанбулда РФ ва Украина делегациялари ўртасидаги музокаранинг иккинчи давраси бўлиб ўтди. Рус гуруҳи раҳбари Владимир Мединский воқеага изоҳ бераркан, Россия ва Украина кенг кўламли маҳбуслар алмашинуви бўйича келишиб олганини маълум қилди:
– Беморлар, оғир ярадорлар, шунингдек 25 ёшгача бўлган маҳбуслар “Ҳамма учун ҳамма” тамойили бўйича алмашилади. Умумий айирбошлаш чегараси 1000 кишидан кам эмас. Бундан ташқари томонлар марҳумлар жасадини олиш учун тегишли ҳудудларда ўт очишни тўхтатадилар.