Демократик тараққиёт, сиёсий ва иқтисодий ислоҳотлар узоқ вақт ва сидқидилдан меҳнат талаб қилади.
АҚШнинг Ўзбекистондаги янги элчиси Жонатан Ҳеник икки давлат орасидаги бугунги приоритетлар ва ўзининг асосий мақсадларини тушунтириб берди. Дипломат назарида Ўзбекистон анча янгиланган.
Навбаҳор Имомова: – Ўзбекистонни узоқ йиллардан бери кузатиб, таҳлил қилиб келасиз. Давлат департаментида, хусусан, Давлат котибининг минтақа бўйича муовини эдингиз. Шу кунларда Ўзбекистон билан стратегик шерикликни муҳокама қилдингиз.
Жонатан Ҳеник, АҚШ элчиси: – Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазири В.Норов бошчилигидаги делегация билан муҳокама бағоят мазмунли кечди. Адлия вазири ва бошқа кўплаб расмийлар ҳам қатнашди. Ҳаммаси алоқаларимизни яхши биладиган, муҳим роллардаги одамлар. Кўп музокараларда иштирок этганман, лекин буниси сифат жиҳатдан анча юқори бўлди. Қатор жабҳаларни қамраб олди, хусусан, хавфсизлик ва минтақавий, инсон ҳуқуқлари ҳамда тараққиёт билан боғлиқ, иқтисодий масалалар.
– Олдинлари бу учрашувларга ноҳукумат ташкилотлар ҳам жалб этиларди, ҳозир фақат ҳукуматлар орасида, шундайми? Ташқаридан экспертлар келар эди. Бу сафар стратегик шериклик муҳокамаси бошқачами?
– Расман аввалдан бу учрашувларимизга четдан ҳеч ким кирмаган, аммо баъзида бу муҳокамалар билан ёнма-ён бошқа дискуссиялар ҳам бўлган. Ўзбекистон делегацияси бу сафар ҳам анча ташкилотлар ва органларда бўлди, гаплашди. Биз уларнинг ноҳукумат ташкилотлар, фуқаро жамияти вакиллари билан кўришишларини олқишлаб келамиз. Бу муҳокамалардан муддао шу – икки ҳукумат бир-бирини эшитиши.
– Орадаги энг муҳим масалалар нималардан иборат бўлди?
– Айтишим керак, алоқаларимиз табиати янгиланган. Лекин биз азалдан Ўзбекистон суверенитети, мустақиллиги ва ҳудудий яхлитлигини қувватлаб келамиз. Ҳамкорликни чуқурлаштириш учун имкониятлар бор. Тижорат ва савдони кенгайтиришга ҳаракат қилишимиз керак. Ўзбекистонга иқтисодий ривожланишда ёрдамлашиш учун кўпроқ ишлашимиз зарур.
Иқтисодий жиҳатдан фаровон Ўзбекистон яна-да мустақил бўлади ва бундан АҚШ узоқ муддатда манфаатдор.
– Сизнинг ўз мақсадларингиз ҳам бор, албатта. Америка мақсадларидан келиб чиққан ҳолда айнан нималарни кўзлаяпсиз элчилик даврингизда?
– Учта катта масала асосий эътиборимда бўлади: биринчидан, иқтисодий ва тижорий алоқалар; иккинчидан, президентнинг ислоҳот дастурини қувватлаш, хусусан, сиёсий ислоҳотлар ва бу борада қилинадиган ишлар кўп. Учинчидан, ҳарбий алоқаларни кучайтириш ва хавфсизлик соҳасидаги ҳамкорлигимизни чуқурлаштириш. Бунда терроризмга қарши кураш, қорадори савдосига қарши кураш, чегара хавфсизлиги борасидаги ишларимизни назарда тутаяпман.
– Суҳбатимиз давомида мухлислар савол ташлаб, «Америкага бизнинг бу муаммоларимиз қанчалик муҳим», деб сўради ва бу саволлар ҳамон кўп янграйди. Америка хоҳлайдими, энергетик муаммоларни ҳал этишда кўмаклашишни?
– Бефарқ эмасмиз ва албатта, биз эътибор берамиз. Ёрдам бера оламиз, деб ўйлайман, лекин қисқа муддатда эмас. Биз газ таъминотини ошириб бера олмаймиз, лекин узоқ муддатда тизимдаги нуқсонларга барҳам беришда мадад кўрсата оламиз. Бу – иқтисодий ислоҳотларнинг ва минтақавий ҳамкорликнинг самараси бўлиши керак. Уларга асосланиб, тизимлар яхшиланади, мувозанатга эришиш мумкин. Хусусийлаштириш билан боғлиқ муаммоларни ҳал этиш керак. Энергетика саноатига сармоя қилиш керак. Лекин буларни ҳозир зудлик билан қила олмайсиз, афсуски.
– Бу секторда ишлаётган ёки қизиқаётган Америка компаниялари борми?
– АҚШнинг бирор компанияси айни дамда Ўзбекистонда маҳаллий газ ёки энергетика соҳасида эканини билмайман.
– Муқобил энергияда-чи?
– Муқобил энергия соҳасида АҚШ компаниялари ажойиб технологиялар таклиф қила олади. Бу борада потенциал катта. Ҳамкорликда улкан лойиҳаларга қўл уриш мумкин. Ўзбекистон раҳбари ва ҳукумат муқобил энергияга қанчалик қизиқиши ва унга сармоя қилаётганини биламиз. Бизнинг махсус элчимиз Жон Керри иқлимдаги салбий ўзгаришларга қарши чоралар устида бош қотириб, янгиланадиган энергетикани тарғиб қилади. Ўзбекистон ва АҚШ бу йўналишда ишлай олади.
– Ўзбекистоннинг иқтисодий ривожланишида кўпроқ ёрдам беришимиз керак, деган гапларингиз аҳамиятли. Шу билан бирга, Ўзбекистон ҳукумати ва хусусий сектори вакиллари айтишадики, Америка ва умуман, Ғарб билан ишлаш қийин, чунки талабларингиз, меъёрларингиз, шартларингиз жуда юқори эмиш. Келишиш, тил топишиш мушкул, дейишади. Уларга Хитой, Россия, Форс кўрфазидаги компаниялар билан осонроқ экан. Бунга нима дейсиз?
– Географик жиҳатдан бошқа давлатлар биздан осонроқ эканини инкор эта олмаймиз. Тил, маданият, алоқалар, ҳаммаси муҳим роль ўйнайди. Бироқ Америка компанияларнинг ўзига хос жиҳатлари талай ва ундан фақат фойда кўрасиз. АҚШ сармоясининг сифати юқори. Бу сиздан угина, биздан бугина қабилидаги бизнеслар эмас. Улар узоқ муддатга сармоя қилади. «Uzbek Auto» ва «General Motors» орасидаги ҳамкорлик бунга яққол мисол. Бу сармоя сабаб минглаб иш ўринлари яратилган ва бошқа саноатлар ривожланишига ҳам ҳисса қўшилган. Ўзбекистон ҳозирда «GM» автомобилларининг етакчи экспортчиси. АҚШ бизнеслари кадрлар тайёрлашга, таълим ва тренингларга эътибор қаратади. АҚШ сармояси маҳсули ўлароқ лидерлар етишиб чиқади. Бу лидерлар фақат ўз соҳасида эмас, минтақа ва дунё бўйлаб таъсир кучига эга мутахассислар бўлади.
– Коррупцияга қарши кураш... Бу вазифа юкланган агентлик билан ишлаяпсиз. Ҳозирда Ўзбекистондаги коррупция кўлами сизни қанчалик безовта қилади?
– Коррупция, шубҳасиз, жуда катта муаммо ва у янги муаммо эмас, нафақат Ўзбекистонда, балки дунё бўйлаб ва хусусан, АҚШда. Ҳамкорликда ишлаяпмиз. Ўзбекистон делегацияси яқинда бу хусусдаги глобал форумга келиб кетди. Адлия вазирлиги, Бош прокуратура ва судлар билан ҳам алоқамиз бор.
Коррупция осон ёки тезгина енгиладиган муаммо эмас. Мунтазам, қаттиқ чоралар кўриш керак. Менталитет, маданий ёндашувлар ўзгариши керак. Шу боис биз коррупция Ўзбекистонда яқин орада барҳам топади ёки топиши керак, дея олмаймиз. Президент Шавкат Мирзиёев ва унинг ҳукумати бу масалада ҳам ҳамкорликка очиқ экани бизни қувонтиради. Лекин олдимизда ҳали иш жуда кўп.
– Қорақалпоғистон воқеаларидан кейинги жараёнлар ҳақида қандай фикрдасиз?
– Қорақалпоғистондаги воқеалар кетидан ҳукумат мустақил комиссия тузди, ҳақиқатни аниқлашга бел боғлаганини айтиб, ижобий қадамлар ташлади. Бу орада бир неча одам судланди. Адолат – секин эришиладиган нарса. Бу жараёнлар эҳтиёткорлик талаб қилади. Пировардида Қорақалпоғистон воқеаларида айбдорлар жавобгарликка тутилади, деган умиддамиз.
– Билганларингизга асосланиб назар ташлаганингизда, нималар сизни ажаблантиряпти, руҳлантиряпти, умид беряпти, шу жумладан сиёсий тизимда?
– Ўзбекистонда охирги марта 26-27 йил олдин яшаганман. Тошкентнинг кўриниши бағоят ўзгарган. Манзара жисмонан анча бошқача. Лекин Ўзбекистонда энг асосий ўзгариш одамларнинг менталитети янгиланиб бораётгани, назаримда. Чорак аср олдин хорижликлар билан нима қилишни билишмас эди. Ўзига хос хавфсираш бор эди. Бугун Ўзбекистон бошқача. Меҳмондорчилик ҳар доимгидек олий даражада. Масалан, супермаркетда рафиқам билан инглиз тилида гаплашиб юрсак, одамлар мулоқот қилишга ҳаракат қилишади, саволлар беришади. Бу мен учун ижобий манзара. Ўзбекистон, фикримча, очиляпти. Президент буни «Янги Ўзбекистон» деб таърифлайди. Мен бир пайтлар яшаган Ўзбекистонда бундай илиқлик сезилмас эди.
– Авлодлар ўзгарганми, назарингизда, яъни менталитетда, бошқарувда?
– Ўзбекистон мустақил бўлганига 30 йилдан ошди. Демак, янги авлод етишди – Совет Иттифоқи ва совуқ уруш даврини кўрмаган янги авлод. Бу авлод дунёни кўряпти, хорижда ўқияпти, хусусий секторда ишлаяпти. Улар ўз тажрибалари, билими ва ғайратини Ўзбекистон учун сарфлашга бел боғлаган. Улар Президент айтган «Янги Ўзбекистон»ни барпо этишни хоҳлайди. Олдинда жуда кўп ишлар турибди. Биз Ўзбекистон демократик жиҳатдан мустаҳкамланиб, инсон ҳуқуқларига ҳурмат ошишини хоҳлаймиз. Буни қандай амалга оширишни Ўзбекистоннинг ўзи белгилайди. Бу иш Ўзбекистон давлати ва халқининг қўлида. Конституцияни янгилайдими, маҳаллий бошқарувни ўзгартирадими, коррупцияга қарши қандай курашади – Ўзбекистон ўзи қарор қилади. Биз ёрдамга шаймиз. Сўралса, бу масалаларда кўмаклашамиз. Иқтисодий ва сиёсий ислоҳотларда мадад кўрсатамиз.
– Президент Шавкат Мирзиёев билан учрашдингиз... Президент билан нималарни суҳбатлашдингиз?
– Давлат котибининг Марказий Осиё бўйича муовини лавозимида бўлганимда Шавкат Мирзиёев билан Тошкентда бир марта учрашган эдим. Мана яна мулоқот қилиш шарафига муяссар бўлдим. Ўзбекистонни олдиндан билганим ва бу ерда яшаб кўрганим учун бугунги вазиятга тўғри баҳо бера оладиган одамлардан бириман. Ўзгаришларни таҳлил қилиб, ислоҳотлар жараёни нақадар қийин эканини тушунишим менга осонроқ бўлиши керак, чунки қиёслай оламан. Биз сиёсий ва иқтисодий ҳамкорликни янада кучайтириш ҳақида гаплашдик. У биздан ислоҳотларни қувватлашда давом этишимизни сўради. Афғонистон хусусида ҳам сўзлашдик. Президент Шавкат Мирзиёев билан суҳбатим қисқа, аммо жуда мазмунли кечди.
– Суҳбат учун ташаккур.
Навбаҳор Имомова,
"Америка овози" - ЎзА