АҚШнинг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Жонатан Хеник Бухорода бўлди. Ташриф доирасида меҳмон Бухоро вилоят ҳокими Ботир Зарипов билан учрашди.
Учрашувда Бухоро вилояти ҳамда Америка Қўшма Штатлари штатлари ўртасида ўзаро савдо-иқтисодий алоқаларни кенгайтириш, инвестициявий ҳамкорликни кучайтириш, шунингдек, ижтимоий-маданий соҳаларда самарали ҳамкорликни йўлга қўйиш масалалари атрофлича муҳокама қилинди. Вилоят раҳбари икки давлат ўртасидаги муносабатлар кўп қиррали ва барқарор асосга эга эканини таъкидлаб, мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар, истиқболдаги стратегик режалар ҳамда Бухоро вилоятида хорижий инвесторлар учун яратилган қулай шарт-шароитлар ҳақида батафсил маълумот берди.

Кейинги йилларда Ўзбекистон ва Америка Қўшма Штатлари ўртасидаги ҳамкорлик муносабатларининг мустаҳкамланиши алоҳида аҳамият касб этмоқда. Хусусан, Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг АҚШ Президенти Доналд Трамп таклифига биноан “Тинчлик кенгаши”нинг дастлабки саммитида иштирок этиш учун Вашингтон шаҳрига амалий ташрифи икки давлат муносабатларини янги стратегик босқичга олиб чиқди. Бу ташриф нафақат Ўзбекистон-АҚШ муносабатларини мустаҳкамлашга, балки бутун Марказий Осиё минтақасида барқарорлик ва ўзаро ҳамкорликни кучайтиришга хизмат қилиши билан ҳам муҳим аҳамият касб этади.

Мазкур истиқболли ҳамкорлик 2017 йилдан буён изчил ривожланиб келаётган стратегик шериклик муносабатларининг мантиқий давоми ва амалий натижаси сифатида эътироф этилди. Шунингдек, 2025 йилнинг 11–16 ноябрь кунлари Бухоро вилояти делегациясининг АҚШга хизмат сафари амалга оширилгани, ушбу ташриф давомида мамлакатнинг йирик компаниялари ҳамда ишбилармон доира вакиллари билан музокаралар ўтказилиб, қатор муҳим келишувларга эришилгани алоҳида қайд этилди.
Элчи Жонатан Хеник Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотларни юқори баҳолаб, Бухорога Америка капитали ва илғор технологияларини жалб қилиш, таълим ва туризм соҳаларини ривожлантириш, энергетика ва АКТ жабҳаларида қўшма корхоналар ташкил этиш, шунингдек, молиявий ҳамкорликни мустаҳкамлаш учун кенг имкониятлар мавжудлигини таъкидлади. У бу йўналишларда ўзаро ҳамкорликни янада ривожлантириш юзасидан аниқ таклифларни билдирди.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири