АҚШ Давлат котиби Энтони Блинкен Қоҳирада Миср Президенти Абдулфаттоҳ Ас-Сиси билан учрашди. Бу ҳақда Давлат департаменти сайтида эълон қилинган хабарда айтилган.
Томонлар камида олти ҳафта давомида зудлик билан ўт очишни тўхтатиш ва барча гаровга олинганларни озод қилиш бўйича музокара ўтказган. Шунингдек, улар Ғазо аҳолиси ва ёрдам ходимларини ҳимоя қилиш бўйича олиб борилаётган саъй-ҳаракатни кучайтириш, инсонпарварлик ёрдамини оширишда Мисрнинг муҳим ролини эътироф этдилар.
Блинкен Қўшма Штатлар фаластинликларнинг Ғазодан мажбурий кўчирилишини ёқламаслигини билдирди, тинчлик ва минтақавий барқарорликни, жумладан Исроил учун хавфсизлик кафолати яратган ҳолда, мустақил Фаластин давлатини яратиш орқали Миср билан ҳамкорлик қилишга тайёрлигини яна бир бор таъкидлади. Шунингдек, у хусийларнинг Қизил денгиздаги савдо кемаларига ҳужумини қоралади.
АҚШ Миср ҳукуматининг иқтисодиётни мустаҳкамлашга қаратилган сўнгги иқтисодий чораларини қатъий қўллаб-қувватлаши маъқулланди.
Миср раҳбари, ўз навбатида, Исроилнинг Ғазога 7 октябрдан бери давом этаётган ҳужуми ортидан 1,4 миллиондан кўп киши бошпана топган Рафоҳ шаҳрига ҳар қандай қуруқлик ҳужуми жиддий оқибатга олиб келишидан огоҳлантирди. Секторга етарли миқдорда ёрдам оқимини таъминлаш ва 1967 йил чегаралари асосида пойтахти Шарқий Қуддус бўлган мустақил Фаластин давлатини яратиш учун сиёсий уфқ очишга чақирди.
Мулоқот якунида Ғазо аҳолисининг инсонпарварлик ёрдамидан фойдаланишини таъминлаш, фаластинликларни ўз еридан ҳар қандай шаклда кўчиришни рад этиш учун зарур чоралар кўриш муҳимлиги тасдиқланди.