АҚШ давлат департаменти Туркманистонда бўлиб ўтган президент сайлови якунлари бўйича муносабат билдириб, ҳукуматни мамлакатнинг сайлов тизимини ЕХҲТнинг Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюроси (ДИИҲБ) тақдим этган тавсиялари бўйича такомиллаштиришга чақирди.
"ДИИҲБ хулосасида таъкидланишича, Туркманистон ўзининг сайлов жараёни эркин, ҳалол ёки рақобатли ўтказилганини намойиш қила олмаган. Биз Туркманистон ҳукуматини ўз сайлов тизимини ташкилот хулосасида баён этилган стандартларга мос келтириш учун ДИИҲБ тавсияларини қўллашга чақирамиз", – дейилади Давлат департаментининг матбуот хизмати раҳбари Нед Прайс сешанба куни тарқатган баёнотида.
Шу билан бирга, Давлат департаменти Қўшма Штатлар билан Туркманистон ўртасида ҳамкорлик тобора кучайиб бораётганига ҳам эътибор қаратган ва Туркманистон халқининг сиёсий жараёнларда иштирокини келгусида ҳам қўллаб-қувватлашда давом этишини таъкидлаган.
Ўтган сешанбада Туркманистон Марказий сайлов комиссияси, амалдаги давлат раҳбари Гурбангули Бердимуҳамедовнинг ўғли, ҳукуматни бошқараётган Туркманистон Демократик партиясидан номзоди илгари сурилган Сердар Бердимуҳамедовнинг навбатдан ташқари президент сайловида ғалаба қозонганини эълон қилди. Сердар Бердимуҳамедов сайловда 72,97 фоиз овоз олди ва мамлакатнинг янги президенти бўлди. Амалдаги президент Гурбангули Бердимуҳамедов парламентнинг юқори палатасига раис бўлиб қолади.