АҚШ бош прокурори эълон қилмасдан Халқаро жиноят судига келди
АҚШ бош прокурори Меррик Гарланд олдиндан эълон қилинмаган ташриф билан Гаагадаги Халқаро жиноятлар суди (ХЖС)га келди, дейилади мазкур идора тарқатган хабарда.
“Меррик Гарланд ХЖС раиси, судя Петр Хофманский, прокурори Карим Хон ва котиби Освальдо Савало Хилер билан учрашди”, – дейилади маҳкаманинг ижтимоий тармоқдаги саҳифасига жойлаштирилган видео лавҳада. ХЖС суд олди палатаси 17 март куни Президент Владимир Путин ва болалар омбудсмани Мария Львова-Беловайни ҳибсга олишга ордер берган эди. Суд Россия томонини украиналик болаларни ноқонуний депортация қилишда айблаяпти. Россия ҳукумати эса болалар жанг майдонидан хавфсиз ҳудудга олиб чиқилганини уқтирмоқда.
Россия ХЖСга аъзо эмас. Демак, ушбу тузилма қарори Москва томонидан тан олинмаслиги мумкин. Дарвоқе, АҚШ ҳам мазкур ташкилот таркибида йўқ.