Arabic
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
АҚШ БМТнинг Ғазо бўйича янги резолюцияга вето қўйди
15:30 / 2025-09-19

Кеча БМТ Хавфсизлик Кенгашида Ғазо секторида зудлик билан, сўзсиз ва доимий ўт очишни тўхтатишни талаб қилувчи резолюцияга АҚШ яна бир бор вето қўйди.

Резолюцияда ҲАМАС томонидан гаровга олинган барча шахсларни озод қилиш ва Исроилдан инсонпарварлик ёрдамининг киришига қўйилган барча чекловларни бекор қилиш ҳамда аҳолига асосий ёрдамни БМТ агентликлари ва ҳамкорлари томонидан хавфсиз тарзда етказилишини таъминлаш баён қилинган.

АҚШ вето ҳуқуқига эга бўлган беш доимий Кенгаш аъзоларидан бири ҳисобланади. Овоз беришдан олдин сўзга чиққан Қўшма Штатлар вакили Морган Ортагус Вашингтоннинг резолюцияга қарши чиқиши “ҳеч қандай янгилик эмас”лигини айтди.

Ушбу лойиҳа Кенгашнинг 10 та доимий бўлмаган аъзолари Жазоир, Дания, Греция, Гаяна, Покистон, Панама, Корея Республикаси, Серра-Леоне, Словения ва Сомали томонидан илгари сурилган. 

– Резолюцияни БМТ Хавфсизлик Кенгашининг 15 аъзосидан 14 нафари қўллаб-қувватлаган бўлса-да, АҚШнинг ветоси сабаб у қабул қилинмади, -деди Даниянинг БМТдаги доимий вакили Кристина Маркус Лассен. – Биз зудлик билан доимий оташкесимга эришилишини, барча гаровга олинганларнинг сўзсиз озод этилишини ва инсонпарварлик ёрдамига қўйилган барча чекловлар бекор қилинишини истаймиз. 

Ғазо соғлиқни сақлаш идораларига кўра, жанговар ҳаракатлар бошланганидан бери ҳудудда 65 мингдан ортиқ фаластинлик ҳалок бўлган.

Хавфсизлик Кенгаши Бош Ассамблея, Котибият, Иқтисодий ва Ижтимоий Кенгаш (ECOSOC), Васийлик Кенгаши ва Халқаро Суд (ICJ) билан бир қаторда БМТнинг олтита асосий органидан бири ҳисобланади.

Кенгаш халқаро тинчлик ва хавфсизликни таъминлаш учун асосий масъулиятни ўз зиммасига олади ва тегишли қарорлар чиқаради. Шунингдек, тинчликпарварлик миссияларини ўрнатади ва санкциялар ҳам қўллаши мумкин. 

Беш доимий аъзо - Хитой, Франция, Россия, Буюк Британия ва Қўшма Штатлар ҳар қандай резолюцияга вето қўйиш ҳуқуқига эга. Кенгашга 10 та доимий бўлмаган аъзолар БМТнинг барча 193 аъзо давлатларини ўз ичига олган Бош Ассамблея томонидан сайланади ва икки йиллик муддатга ишлайди. Маълумот ўрнида, жорий йилнинг сентябрь ойида Хавфсизлик Кенгашига Жанубий Корея раислик қилади.

Ўткир Алимов, ЎзА