Президент Дональд Трамп БМТга қарашли 66 та агентлик, комиссия ва маслаҳатчи гуруҳлардаги АҚШнинг иштирокини тўхтатиш тўғрисида фармон имзолади. Улар қаторига иқлим, меҳнат, миграция ва бошқа соҳалар билан шуғулланувчи тузилмалар киради. Трамп маъмурияти бу ташкилотларни “фойдасиз” деб ҳисобламоқда. Евроньюс, ушбу қарорнинг имзолангани тўғрисидаги хабарни тарқатди.
Бу қарор АҚШнинг халқаро ҳамкорликдан жиддий чекиниши сифатида баҳоланмоқда. Хусусан, АҚШ БМТнинг Иқлим ўзгариши бўйича конвенциясидан ҳам чиқмоқда. Бу эса мамлакат тарихидаги энг катта глобал ҳамкорликдан воз кечиш ҳисобланади. АҚШ давлат котиби Марко Рубио ушбу ташкилотларни “ҳаддан ташқари катта, самарасиз, исрофгар, ёмон бошқариладиган,ўз манфаатини кўзловчи гуруҳлар таъсирида қолган ва мамлакатимиз суверенитетига таҳдид солувчи тузилмалар” деб атади.1992 йилда қабул қилинган ва Париж иқлим келишувига асос бўлган БМТнинг Иқлим ўзгариши бўйича конвенциясидан чиқиши эса АҚШни глобал иқлим тизимидан бутунлай ташқарида қолдиради. Иқлим ўзгаришини “уйдирма” деб атаб келган Трамп, Оқ уйга қайтгач, Иқлим ўзгариши бўйича тузилган Париж келишувидан ҳам чиқди. Бу қарор Вашингтондаги экспертлар ва собиқ мансабдорлар томонидан кескин танқидга учради.
Оқ уйнинг иқлим масалалари бўйича собиқ маслаҳатчиси Жина Маккарти Трампнинг бу қарорини “калта ўйланган ва аҳмоқона” деб атади. У АҚШнинг миллионлаб долларлик иқлим инвестициялари ва сиёсатларига таъсир ўтказиш имкониятини бой бераётганини таъкидлади.
Global Carbon Project лойиҳаси раҳбари, иқлимшунос Роб Жексон эса бу чиқиш эндиликда “бошқа давлатларга ўз мажбуриятлари ва ҳаракатларини кечиктириш учун баҳона яратиб беради”, деб айтди.
АҚШ, шунингдек, бутун дунёда жинсий ва репродуктив саломатлик хизматларини кўрсатувчи БМТнинг Аҳолишунослик жамғармасидан ҳам чиқмоқда. Трамп маъмурияти аввалроқ Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти, Фаластин қочқинлари бўйича БМТ агентлиги, БМТ Инсон ҳуқуқлари кенгаши ва ЮНЕСКОни ҳам қўллаб-қувватлашни тўхтатган эди. Маъмурият эндиликда БМТни молиялаштиришда фақат Трамп дастурига мос келадиган йўналишларнигина қўллаб-қувватламоқда.
Халқаро инқироз гуруҳининг БМТ бўлими раҳбари Дэниел Форти бу ёндашувни АҚШнинг муносабатлардаги “мен айтганимдек бўлади ёки умуман бўлмайди” деган позициясининг очиқ ифодаси, деб атади. БМТ бу қарорларга жавобан ходимлар сонини ва дастурларни қисқартирди. Шу билан бирга, кўплаб нодавлат ташкилотлар ўз лойиҳаларини ёпишга мажбур бўлди. Бу қарор Венесуэла президенти Николас Мадурони қўлга олиш ва Гренландияни эгаллаб олиш ҳақидаги таҳдидлар янграётган бир пайтда юз берди.
<iframe width="560" height="315" src="https://www.youtube.com/embed/U_DtW6Vl_Xk?si=SFeyY30631kve3tY" title="YouTube video player" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Кенжа Бекжонов, Улуғбек Тўхтаев,ЎзА