АҚШ барча тоифадаги ракеталарни кузата оладиган радарни синовдан ўтказмоқда
АҚШ Аляскада қитъалараро баллистик ракеталарни ҳам, гипертовушли қуролларни ҳам бирдек кузата оладиган янги радарнинг синовини бошлади, деб хабар бермоқда «Интерфакс».
Хабарда АҚШ мудофаа идорасининг ракеталарга қарши мудофаа агентлиги директори вице-адмирал Жон Хилл узоқ масофадаги нишонни аниқлашга мўлжалланган радар қурилиши тугаллангани, энди синов босқичига ўтилиши ҳақида маълум қилгани айтилмоқда.
«Ушбу радар Шимолий қўмондонликка Америка Қўшма Штатларини баллистик ва гипертовушли ракеталардан ишончли қўриқлаш имконини беради», — деди Хилл.
Баёнотда айтилишича, радар тўлиқ ишга туширилгандан кейин бир йўла бир нечта объектларни бир вақтнинг ўзида ҳам қидириб топади, ҳам кузатиб боради.