АҚШ 2050 йилга қадар етарли даражада бойитилган уран захираларига эга
– Америка Қўшма Штатларида бойитилган уран захиралари 2050 йилларгача етади, -деди чоршанба куни мамлакат денгиз флотининг ядровий реактор дастурига раҳбарлик қилган адмирал Уильям Хьюстон. – Биз 1992 йилдан бери асосий фойдаланувчи бўлган дастур учун юқори даражада бойитилган уран ишлаб чиқармадик, чунки биз 2050 йилларгача таъминланганмиз.
Ўтган йили Россия ҳукумати техник ва экспорт назорати федерал хизматининг бир марталик лицензиялари бўйича етказиб беришлар бундан мустасно, бойитилган уранни Қўшма Штатларга экспорт қилишга вақтинчалик чекловлар киритди.
Қайд этилишича, бу қарор Россия президенти Владимир Путиннинг топшириғига кўра АҚШ томонидан киритилган чекловларга жавобан қабул қилинган.
АҚШнинг собиқ раҳбари Жо Байден Россиядан уран импортини тақиқловчи қонунни 2024 йилнинг май ойида имзолаган эди. Ҳужжат 2040 йилгача амал қилади. Бироқ истисно ҳолатларда АҚШ энергетика вазирлиги рухсати билан 2028 йилгача харид қилишга рухсат берилган.
С.Раҳимов, ЎзА