АҚШ 2022 йилнинг охиригача бошқа мамлакатларга 1,2 миллиард доза вакцина хайрия қилади
Бу ҳақда РИА Новости АҚШ давлат котиби Энтони Блинкеннинг баёнотига таяниб хабар берди. "Келаси йилнинг охиригача биз 1,2 миллиард доза вакцинани хайр-эҳсон қиламиз", – деди Блинкен Жакартага ташрифи чоғида. АҚШ дипломатияси раҳбарининг таъкидлашича, АҚШ томонидан шу вақтгача беғараз етказиб берилган 300 миллион доза вакцинанинг қарийб учдан бир қисми Ҳинд-Тинч океани мамлакатларига тўғри келади.
"Биз шунингдек, минтақага қўшимча ёрдам сифатида 2,8 миллиард доллар миқдорида беғараз ёрдам берганмиз” деди Блинкен. АҚШ коронавирусга қарши беғараз равишда вакцина етказиб бериш бўйича дунёдаги энг йирик донор мамлакат ҳисобланади. Декабрь бошида президент Жо Байден маъмурияти бошқа мамлакатларга ҳозиргача етказиб берилган 275 миллион доза вакцинага қўшимча равишда яқин уч ой ичида яна 200 миллион доза вакцина хайрия қилишни режалаштираётганини маълум қилди.