Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
“AQLVOY” болалар телеканали фаолияти юзасидан матбуот анжумани ўтказилди
07:46 / 2021-03-24

Жорий йилнинг 22 март куни Ўзбекистондаги биринчи болалар таълим ва кўнгилочар телеканалининг трансляцияси бошлангани ҳақида хабар берган эдик.

Шу муносабат билан Мактабгача таълим вазирлигида матбуот анжумани ташкил этилиб, телеканал фаолияти юзасидан атрофлича маълумот берилди.

Таъкидланишича, “AQLVOY” телеканали Мактабгача таълим вазирлиги кўмаги билан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил август ойида қабул қилинган «Ихтисослашган болалар кўнгилочар – маърифий телеканалини ташкил этиш тўғрисида»ги қарори асосида яратилган.

«Бу сенинг вақтинг!» каналнинг асосий шиори бўлиб, канал Россия, АҚШ, Жанубий Корея, Хитой ва бошқа кўплаб мамлакатларда таниқли жаҳон студиялари томонидан яратилган энг яхши анимацион сериаллар ва дастурларни намойиш этади.

Мутасаддиларнинг сўзларига кўра, телеканал фаолиятида мамлакатимизнинг маданий коди ҳисобга олинган ҳолда хорижий таркиб ўзбек тилига мослаштирилади ва юқори сифатли таржима бўлади.

– Энг муҳими, барча таркиб лицензияланган ва фақат расмий равишда сотиб олинади, – дейди телеканал Бош ижрочи директори Вела Фидел. – Айни пайтда “Соний”, “Дисней”, “Универсал” каби йирик кинокомпаниялар билан анимация тўпламини харид қилиш бўйича музокаралар олиб борилмоқда.

Мактабгача таълим вазирлигининг сўнгги методик ишланмалари бўйича «Биласанми», «Қувноқвой», «Билимдон», «Эли ва Боб» сингари кўрсатувлар тайёрланиб, намойиш этилади. Телекўрсатувларни ташкил қилишда замонавий техник ечимлар ва илғор хорижий тажрибалар татбиқ этилади. Рақамли ва мультимедиа технологияларидан фойдаланган ҳолда болаларда креатив – ижодий фикрлашни ривожлантириш ҳамда уларда бадиий ва эстетик дидни тарбиялаш мақсад қилинган.

Дарвоқе, “AQLVOY”нинг асосий аудиторияси 3-9 ёшли болалар бўлиб, телеканал эрталаб соат 7:00 дан кечки 22:00 гача эфирга узатилади. Келажакда онлайн трансляция ҳам режалаштирилган.

Моҳигул Қосимова, ЎзА