Spanish
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ақлни пулга айлантириш: интеллектуал мулк тизимининг бугуни ва эртасидан нима кутмоқдамиз? 
11:00 / 2022-03-10

ЯНГИ КИТОБ – «Патентшуносликка кириш»

"Дунёда товарларнинг бренд қиймати юқори ҳисобланади. Интеллектуал мулк Европада ялпи ички маҳсулотнинг 45 фоизини, Хитойда 12, Россияда 7 фоизни ташкил этади. Афсуски, мамлакатимиз бу борада дунё бозоридан узоқлашиб кетди. На тегишли идоралар ва на ҳудуд раҳбарлари интеллектуал мулк масаласига эътибор берди. Шу сабабли ихтирочи олим ва ижодкорларимиз хорижга чиқиб кетди. Илмий институтларимиз инновациялар, тармоқлар эса харидоргир ишланма ва брендлар ярата олгани йўқ. Ўтган йили 400 га яқин ихтиро, 110 та фойдали модель, 170 та саноат намунаси, 36 та селекция ютуғи рўйхатга олинган бўлса-да, атиги 43 та илмий ишланма тижоратлаштирилган, холос", деган эди Президент Шавкат Мирзиёев 2020 йил 12 октябрь куни интеллектуал мулк объектларини муҳофаза қилиш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари юзасидан ўтказган йиғилишда.

Ана шу вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида 2021-2022-ўқув йилидан бошлаб Ўзбекистон миллий университети Ижтимоий фанлар факультетида патентшунослик ихтисослигига талабалар қабул қилинди. Ҳозирги кунда талабалар учун «Мутахассисликка кириш», «Патент тарихи», «Патент ҳуқуқи» каби фан предметлари ўқитилади. Аммо бу борада ўзбек тилида янги адабиётлар тақчиллиги сезилар, асосан хориж адабиётларидан фойдаланилар эди.

Яқинда Ўзбекистон миллий университети профессори Бахтиёр Омоновнинг «Патентшуносликка кириш» номли китоби «Университет нашриёти томонидан чоп этилди. Муаллиф катта амалий тажрибага эга, узоқ йиллар мобайнида муаллифлик ҳуқуқи, турдош ҳуқуқлар ва ва саноат мулки соҳасида масъул лавозимларда ишлаган. 

Услубий қўлланма композицион қурилиши ва мундарижаси ўқув дастурига мос ҳолда тузилган. «Интеллектуал мулкка оид маърузалар» деб номланган биринчи бобда патентшунослик фани предмети, мақсад ва вазифалари, интеллектуал мулк объектларини муҳофазалаш соҳасидаги қонунчилик, муаллифлик ҳуқуқи ва турдош ҳуқуқларни ҳимоя қилиш, ихтиролар ва фойдали моделга муҳофаза олиш каби долзарб соҳанинг муҳим жиҳатлари очиб берилган.

«Интеллектуал мулкка тегишли халқаро ҳужжатларнинг мазмун-моҳияти» деб номланган иккинчи бобда Ўзбекистон аъзоликка қўшилган халқаро консенциялар ва битимлар: Cаноат мулкини муҳофаза қилиш бўйича Париж конвенцияси, Адабий ва бадиий асарларни муҳофаза қилиш тўғрисидаги Берн конвенцияси, Бeлгилaрни xaлқaрo рўйxaтдaн ўткaзиш тўғрисидa Мaдрид битими, Тoвaрлaр вa xизмaтлaрни xaлқaрo тaснифлaш тўғрисидaги  Нисса битими, Янги ўсимлик навлари муҳофазаси бўйича конвенция (UPOV)ларнинг асосий мақсади ва вазифалари тушунтирилади. Иловалар қисмида интеллектуал мулк (ИМ) ҳуқуқига оид атамалар (глоссарий), ИМ ҳуқуқининг пайдо бўлиши, ривожланиш тарихи ва манбалари ўрин олган. 

"Биз интеллектуал мулк тизими бугуни ва эртасидан нимани кутмоқдамиз", деган савол ҳозирда кўпчиликни қизиқтирмоқда. Шуни таъкидлаш керакки, бу истиқболли соҳа ақлни пулга айлантириш ва анъанавий иқтисодиётни рақамли иқтисодиётга айлантириш пойдевори бўлиб хизмат қилади.

"Интеллектуал мулк ҳимоясини мустаҳкамлай олсак, бу ҳам учинчи Ренессансга ишончли пойдевор бўлади", деган эди Президент Шавкат Мирзиёев.

Демак, Ўзбекистонда ИМ тизимини такомиллаштириш, ИМ бозорини яратиш вақти аллақачон етиб келди. Мазкур ниятларга эришиш йўлида «Патентшуносликка кириш» номли китоб ва ёзиладиган янги қўлланмалар бой манба вазифасини бажаради. Лотин алифбосида нашр этилган ушбу китобга профессор Б.Тошев ва юридик фанлар доктори, профессор В.Топилдиев тақриз ёзган. 



М.КАРИМОВА, ЎзА