Дунё миқёсида транспорт соҳасини рақамлаштириш ва интеллектуал бошқарув технологияларини жорий этиш тенденцияси кенг оммалашиб бормоқда. Айниқса, темир йўл тизимида инновацион ечимларни қўллаш орқали харажатларни оптималлаштириш, хавфсизликни таъминлаш ва самарадорликка эришиш муҳим аҳамият касб этмоқда.
Мамлакатимизда ҳам ушбу йўналишда амалга оширилаётган ислоҳотлар доирасида темир йўл инфратузилмасини модернизация қилиш бўйича қатор амалий ишлар олиб борилмоқда. Шу мақсадда “Ўзбекистон темир йўллари” АЖ томонидан темир йўл транспортида рақамли технологияларни жорий этиш бўйича яна бир муҳим ташаббус амалга оширилди.

Хусусан, куни кеча Тошкентда Локомотивлардан интеллектуал фойдаланиш маркази ташкил этилди.
Интеллектуал эксплуатация тизими сунъий интеллект, рақамли мониторинг ва маълумотлар таҳлилига асосланган бўлиб, локомотивларнинг техник ҳолатини реал вақт режимида кузатиш имконини беради. Бу эса эҳтимолий носозликларни олдиндан аниқлаш ва профилактик таъмирлаш ишларини ўз вақтида амалга ошириш имконини яратади. Шу билан бирга, тизим орқали езилиш харакатининг тежамкор режимлари қўлланилади, ҳаракат хавфсизлиги ва ишончлилиги таъминланади.

Лойиҳа доирасида мониторинг тизимлари орқали локомотив агрегатлари ва техник узелларининг ҳолати узлуксиз назорат қилинади. Маълумотлар аналитикаси асосида ҳаракат самарадорлиги оширилади, рақамли интеграция орқали бошқарув жараёнлари ягона ахборот платформасига уланган ҳолда амалга оширилади. Машинистларга ёрдам берувчи интеллектуал дастурий ечимлар эса иш жараёнини енгиллаштириш ва инсон омили таъсирини камайтиришга хизмат қилади.
Жамият ахборот хизматига кўра, лойиҳани амалга ошириш натижасида ёнилғи ва электр энергияси сарфини 10-15 фоизгача камайтириш, техник хизмат кўрсатиш харажатларини қисқартириш, локомотивлар хизмат муддатини узайтириш, ҳаракат хавфсизлигини ошириш, машинистлар учун қулай иш шароитларини яратиш бўйича иқтисодий ва техник кўрсаткичларга эришиш режалаштирилган.
Мазкур инновацион ташаббус мамлакатимизда темир йўл соҳасини ривожлантириш, рақобатбардош транспорт инфратузилмасини яратиш ҳамда “ақлли транспорт” тизимини босқичма-босқич жорий этишга хизмат қилади.
Н.Зиёдуллаева,
ЎзА