Ўсимликлар карантини ва ҳимояси агентлиги Фарғона вилояти бошқармаси томонидан соҳани ривожлантириш борасида амалий ишлар доимий йўлга қўйилган.
Бу борада халқаро алоқаларни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Хусусан, Бирлашган миллатлар ташкилотининг Ўзбекистондаги Тараққиёт дастурининг “Фарғона водийси фермерларининг иқлим ўзгариши хавф-хатарларига мослашуви ва чидамлилигини ошириш” лойиҳаси доирасида ҳамкорликдаги ишлар давом этмоқда. Фарғона водийси фермерларининг қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштиришда экинларни зарарли организмлардан ҳимоя қилиш чораларини самарали ташкил этиш ҳамда бошқа тегишли агротехник тадбирларни ўз вақтида амалга ошириб, ҳосилдорлик ва экспорт ҳажмини оширишга қаратилган лойиҳа доирасида эндиликда жойларга “ақлли” феромон тутқичлар ўрнатилди. Бундай феромон тутқичлар Фарғона вилоятида тўртта ҳудуд – Қувасой шаҳри Валик маҳалласидаги “Қувасой Нодиржон” фермер хўжалиги, Қува тумани Сойкелди маҳалласидаги “Олчин ХДС” фермер хўжалиги ҳамда Олтиариқ тумани Полсон маҳалласидаги “Файзли боғлар сари” ва Навоий ММТПдаги “Абдукарим ҳожи ўғли Абдували ҳожи” фермер хўжаликларига ўрнатилди.
“Ақлли” феромон тутқичлар маълум зараркунанда турини сунъий ҳид ёрдамида ўзига жалб қилади. Зараркунанда феромон тутқичга киргач, у ердаги елим қоғозга ёпишиб қолади. Феромон тутқичга тушган зараркунанда сонига қараб, зараркунанданинг ривожланиш босқичи ва тарқалиш хавфини аниқлаш мумкин. Агар зараркунанда сони белгиланган миқдордан ошиб кетса, унга қарши чора кўриш лозим.
Бу каби феромон тутқичлар ҳашаротларни назорати учун агросаноатда 4-5 гектар майдонга 1 дона, илмий изланишларда 100 м2 майдонга 1 дона қўйилади. Бундан ташқари феромон тутқичлар ёрдамида қачон, қаерда ва нимага қарши пестицид қўллашни аниқлаш мумкин. Бу эса, пестицид қўлланишини камида 50 фоизга камайтириб, ҳосилнинг қарийб 65 фоизини зараркунандалардан нобуд бўлиши олдини олади. Бу иқтисодий жиҳатдан ҳам фойдали бўлиб, камроқ пестицид қўлланиши ҳисобига пулни тежайди. Муҳими соф ва экспортбоп маҳсулот етиштиришда ёрдам беради. Табиат мувозанатини сақлайди.
Ҳозирда “ақлли” тутқичларда олма мевахўри, шарқ мевахўри, гилос пашшаси, калифорния қалқондори, шингил баргўровчиси, тенгсиз ипак қурти, комсток қурти, тут парвонаси, анор мевахўри, помидор куяси, картошка куяси, ғўза тунлам, кузги тунлам, цитрус оққаноти, цитрус ғовакловчи куяси, қовун пашшаси, омбор куяси каби зараркунандаларни тутувчи феромонлар мавжуд.
Янги феромон тутқичларни интернет орқали узоқдан туриб кузатиш мумкинлиги унинг қулайликларидан бири. Ундаги сунъий интеллект ҳашарот турини ва сонини аниқлаш, қарши кураш усуллари, маълумотларни графиклар ёрдамида тақдим қилиш ва юклаб олиш имкониятларини тақдим этади. Қолаверса, ундаги қуёш энергиясида ишловчи, барча иқлим шароитларига мос ва чидамли қурилма, кенг бурчакли ва юқори сифатли тасвирлар олиш имконияти, ўзбек тилидаги интерфейс, агрометеостанция маълумотлари билан интеграция қила олиш қобилияти унинг афзалликларини орттиради.
[gallery-4236]
Муқимжон ҚОДИРОВ (сурат), ЎзА