Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ақлли бошқарув ва инсон капиталини ривожлантиришда Финляндия тажрибаси жорий этилади
14:47 / 2026-03-04

Давлатимиз раҳбарининг 2025 йил 6 декабрдаги “Давлат хизматида бошқарув самарадорлигини янада ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонида давлат органларида натижага асосланган бошқарув тизимини жорий этиш бўйича вазифалар белгиланган.

Фармон ижроси юзасидан Президент ҳузуридаги Бошқарув самарадорлиги агентлиги раҳбари У.Ҳусаинов Финляндия Фахрий консули А.Жўраев ҳамда Халқаро Нордик университети ректори Ш.Мустафоқулов билан учрашди. 

Унда кейинги йилларда икки мамлакат ўртасидаги ҳамкорлик янги босқичга кўтарилаётгани, икки ва кўп томонлама ҳамкорликни кенгайтириш борасида аниқ қадамлар қўйилаётгани қайд этилди.

Мулоқот давомида Ўзбекистон Республикаси давлат хизматчилари учун Финляндиянинг етакчи таълим марказлари ва давлат органларида ҳар йили қисқа муддатли малака ошириш дастурлари ва стажировкалар ташкил этиш масаласига эътибор қаратилди. 

Ушбу давлатнинг муниципаль бошқаруви модели ва иш юритиш услубларини ўрганиш, тоғ-кончилик саноати соҳасида ходимларни қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш бўйича қўшма ўқув марказини ташкил этиш, касбий таълим стандартлари ва рақамли технологияларни жорий этиш, Сурхондарё вилоятига Финляндиядан 10 нафар инглиз тили ўқитувчисини жалб қилиш ва мазкур мамлакат модели асосида инглиз тили ўқитувчиларини тайёрлашни йўлга қўйиш масалалари муҳокама қилинди.

Мулоқот якунида Агентлик ва Финляндия Республикасининг Ўзбекистондаги фахрий консуллиги ҳамда Агентлик ва Халқаро Нордик университети ўртасида меморандумлар имзоланди.

Мақсад рақамли бошқарув тамойиллари, маълумотларга асосланган қарорлар қабул қилиш, институционал самарадорлик ва замонавий давлат бошқаруви амалиёти орқали бошқарув тизимларини мустаҳкамлашга қаратилган ҳамкорлик асосларини яратиш, шу билан бирга, инсон капиталини ривожлантиришни қўллаб-қувватлашдан иборат.

Меморандумга кўра, ҳамкорликнинг устувор йўналишлари белгиланди. Унга кўра, рақамли ва маълумотларга асосланган бошқарув, маълумотларга асосланган қарорлар қабул қилиш ва далилларга асосланган сиёсатни ишлаб чиқиш бўйича энг яхши тажриба алмашилади. 

Давлат бошқарувида ўзаро мос келувчи рақамли ечимлар ишлаб чиқилади ва тарғиб қилинади. “Once-only” тамойили ва ҳаётий циклга асосланган давлат хизматлари дизайни жорий этилади. 

Фойдаланувчига йўналтирилган ва инсон манфаатларига асосланган рақамли ҳукумат хизматлари ривожлантирилади. Очиқ маълумотлар стандартлари, шаффофлик механизмлари ва хавфсиз маълумот алмашиш тизимлари тарғиб қилинади. Давлат сектори фаолиятини бошқаришни такомиллаштириш учун илғор таҳлилий ва сунъий интеллект томонидан қўллаб-қувватланадиган воситалар ўрганилади. 

Ишончга асосланган бошқарув ва давлат секторидаги мослашувчан инновациялар бўйича Финляндия ёндашувлари  ўрганилади. Ўлчанадиган натижаларга мувофиқлаштирилган стратегик режалаштириш асослари ишлаб чиқилиб, амалга оширилади. Фаолият самарадорлигини бошқариш тизимлари, жумладан, KPI асосидаги мониторинг ва баҳолаш механизмлари жорий этилади. 

Жараёнларни оптималлаштириш орқали маъмурий тартиб-таомилларни соддалаштириш ва бюрократик юкламани камайтириш қўллаб-қувватланади. 

Бошқарувни модернизация қилиш ташаббусларига Финляндия экспертлари ва маслаҳатчилари жалб этилади. Ўқув-таълим профессионал алмашинуви қўллаб-қувватланади. Давлат секторида етакчиликни ривожлантириш ва компенсациялар тизими бўйича тажриба алмашилади. Рақамли бошқарув, маълумотларни бошқариш, инновацион етакчилик ва узлуксиз таълим билан боғлиқ кўникмалар тарғиб қилинади.

Н.Абдураимова, ЎзА