Поп туманида Ёшлар ишлари агентлиги Наманган вилоят бошқармаси томонидан шахмат бўйича анъанавий “Рокировка” мусобақасининг 37-турнири бўлиб ўтди. Унда махсус бот орқали рўйхатдан ўтган 80 нафар шахмат ихлосманди ғолиблик учун дона сурди.
Маълумки, шахмат ақлни чархловчи, хотирани мустаҳкамловчи ҳамда кишини фикрлаш ва оқилона қарор қабул қилишга ундовчи спорт турларидан бири саналади. Наманган вилоятида ушбу спорт тури ривожланиб, оммалашиб бораётганида Ёшлар ишлари агентлиги вилоят бошқармаси ташаббуси билан ўтказилаётган бу каби турнирлар муҳим аҳамият касб этмоқда.
Турнирда хотин-қизлар ва эркаклар ўртасида кечган қизғин баҳслар якунига кўра ғолиблар аниқланиб, пул мукофоти билан рағбатлантирилди.
[gallery-14331]
– Шахматга болаликдан қизиқаман, – дейди ғолиблардан бири Ирода Муҳаммаджонова. – Ундаги комбинацион юришлар, ҳаяжонли лаҳзалар, зафар нашидаси кишини руҳлантиради. Бугунги мусобақада хотин-қизлар ўртасида биринчи ўринни эгалладим ва бу менга унутилмас таассуротларни берди.
ЎзА фотомухбири
Ҳотам Мамадалиев олган суратлар