Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
“Ақл марказлари” халқаро форуми бўлиб ўтди
14:48 / 2021-11-12

Тошкент халқаро мунозара клуби доирасида “Марказий Осиё “ақл марказлари”: салоҳиятни ошириш ва барқарор ривожланиш учун ҳамкорлик” мавзусида минтақавий форум бўлиб ўтди. Тадбир “Юксалиш” умуммиллий ҳаракати ҳамда Конрад Аденауэр номидаги жамғарманинг Марказий Осиё бўйича минтақавий ваколатхонаси ҳамкорлигида ташкил этилди.

Маълумки, Давлатимиз раҳбарининг тегишли фармонига мувофиқ, “Юксалиш” умуммиллий ҳаракати қошида Халқаро мунозара клуби ташкил этилди. Мазкур клуб фаолияти долзарб ижтимоий-иқтисодий ва ижтимоий-сиёсий масалаларни муҳокама қилиш, турли соҳаларда тенденция шакллантириш, таклиф ишлаб чиқиш, экспертлар, жумладан, хорижий ва халқаро ташкилотлар тавсияси билан инновацион ғоя, қарашларни тарғиб қилишга қаратилган.

Анжуман давомида миллий ва хорижий экспертлар томонидан Марказий Осиё мамлакатларида барқарор ривожланишни таъминлашда таҳлилий ва тадқиқот марказлари иштироки, ҳамкорлик бўйича янги йўналишларни белгилаш, амалий таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқиш масалалари муҳокама қилинди. Шунингдек, минтақада таҳлилий фаолиятнинг бугунги ҳолати, эксперт салоҳиятини ошириш, “ақл марказлари” учун доимий мулоқот майдони яратиб, фаолиятни қўллаб-қувватлаш истиқболи кўриб чиқилди.

Иштирокчилар фикрича, сўнгги йилларда Марказий Осиё ривожланиш борасида ижобий суръат намоён этмоқда. Барча соҳаларда минтақавий ҳамкорлик мустаҳкамланмоқда. Ҳудуд хавфсизлиги, давлат чегараси билан боғлиқ, сувдан фойдаланишга оид долзарб муаммолар тизимли равишда ҳал этилмоқда. Марказий Осиё давлатлари етакчилари иштирокида уч марта маслаҳат учрашуви ўтказилди. Ҳукумат, ташқи ишлар идоралари раҳбарлари мулоқоти мунтазамлик касб этмоқда. Алоқани мустаҳкамлаш йўлидаги умумий ҳаракат жадал тус олишидан минтақадаги барча давлатлар манфаат кўрмоқда.

Минтақавий ҳамкорликни кучайтиришга интилиш объектив, барқарор ва ортга қайтариб бўлмас тенденцияга айланди. Айни жараён замирида ҳудуддаги барча давлатларнинг сиёсий иродаси, чуқур тарихий нуқтаи назари мужассам.

Таҳлилчилар таъкидлашича, ҳал қилиб бўлмайдиган масала, деярли, йўқ. Фақат муаммони бартараф этиш учун сиёсий ирода зарур. Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев 2016 йилдаёқ минтақавий сиёсат негизида “ўткир масалалардан юз ўгирмай, оқилона муроса йўлини излаш” тамойилига амал қилиш даркорлигини англатди. Ўзаро ишончни мустаҳкамлаш, Марказий Осиёда замон чақириғига жавоб бериш ва ягона ёндашув ишлаб чиқишда “ақл марказлари” (think tanks) муҳим роль ўйнаши мумкин.

Ўтиш даврида кенг кўламли трансформация ва минтақа тараққиёти шароитида турли масалалар бўйича экспертиза аҳамиятга эга. Интеграция ва яқинлашув жараёни янги кун тартибини шакллантирмоқда. Ҳукумат, парламент ва бошқа тузилмалар томонидан муайян тармоқни, минтақавий ҳамкорликни ривожлантириш бўйича узоқ муддатли стратегия ва концепция ишлаб чиқиш учун мутахассислар кўмаги талаб қилинади. Бу жараёнда Марказий Осиё “ақл марказлари” салоҳиятидан фойдаланиш айни муддао.

Давлат ва мустақил таҳлилий ташкилотлар минтақадаги энг муҳим сиёсий, ижтимоий ва иқтисодий муаммоларни ўрганмоқда. Улар давлат идоралари ва халқаро ташкилотларга ўз ғоя ва тавсияларини тақдим этиши, мамлакатларимиз олдида турган долзарб муаммолар ечимини излашда минтақавий мулоқотга кўмаклашиши мумкин.

Нуфузли “ақл марказлари”нинг аксарияти саноати ривожланган давлатларда жойлашган. Кўпинча бундай тузилмалар шарофати билан муайян мамлакатни ривожлантириш энг қулай йўналиш бўйлаб амалга оширилади. Бугунги кунда дунёнинг 180 дан ортиқ мамлакатида 7 000 га яқин “ақл маркази” бор. Бу миқдорнинг каттагина қисми АҚШ, Ғарбий Европа давлатлари, Ҳиндистон, Хитой, Россия ва Японияга тўғри келади.

Мутахассислар фикрича, таҳлилни ривожлантириш, “ақл марказлари”, жумладан, хусусий “ақл марказлари”ни қўллаб-қувватлаш кутилажак ижобий ўзгаришлар индикаторига айланади. Академик ҳамжамият ва таҳлилий тадқиқот институтлари ўртасидаги ҳамкорлик учун доимий платформа ҳамда мулоқот майдони яратилиши ахборот алмашишга, илғор тажриба билан ўртоқлашишга ёрдам беради. Муқобил ҳисобот, қўшма минтақавий тадқиқот ҳукуматларга Марказий Осиёдаги долзарб ижтимоий ва иқтисодий муаммоларни ҳал қилиш, ўзаро ҳамкорликнинг янги йўналишларини топиш бўйича тавсия ишлаб чиқишга кўмаклашиши мумкин. “Ақл марказлари” юқори даражадаги учрашув ва конференцияларни тегишли таҳлиллар билан таъминлашга ҳам хизмат қилади.

Мустақил экспертиза ва диагностика вақт ва маблағни тежаш, стратегик ва тактик хатоларни имкон даражасиа камайтириш, давлат ёки минтақа миқёсидаги қарорлар муҳокамасига жамоатчиликни жалб этиш имконини беради. Шу боис ташаббускорлик ва танқидий фикрлашни рағбатлантириш, минтақавий илмий лойиҳаларни амалга ошириш механизмини яратиш муҳим аҳамиятга эга. Айни жараёнда грант дастурлари ва қўшимча моддий рағбатлантириш орқали “ақл марказлари”, жумладан, нодавлат ташкилотлар вакиллари учун стажировка ўташ тизимини йўлга қўйиш, кадрлар салоҳиятини ошириш яхши самара беради. Статистикани ривожлантириш, минтақа шароитида ишончли ахборотнинг очиқ ва фойдаланиш мумкин бўлган манбалари сони кўпайиши таҳлилий фаолият фаоллашувига ҳам туртки бўлади.

Таъкидланганидек, таҳлил давлат ва ташқи сиёсатнинг ҳолати, ривожланиши ва истиқболи “қаймоғи”дир. Сиёсий ва иқтисодий таҳлил давлат сиёсатининг интеллектуал таянчини ташкил этади, муқобил нуқтаи назар билан таъминлайди.

Форум якунлари бўйича Марказий Осиё мамлакатлари билан “ақл марказлари”, экспертлик ҳамжамиятлари ўртасида изчил ҳамкорликни йўлга қўйиш, бундай тазилмаларнинг минтақада конструктив ташқи сиёсатни илгари суриш, сиёсий, иқтисодий, геосиёсий ва бошқа масалаларда доимий мулоқот учун платформа яратишдаги ролини ошириш бўйича таклиф, тавсиялар ишлаб чиқилди.

 

“Юксалиш” умуммиллий ҳаракати

 матбуот хизмати