«Олмалиқ кон-металлургия комбинати» акциядорлик жамияти томонидан жорий йил апрелида юқори меҳнат самарадорлиги баробарида экспортда ҳам салмоқли натижаларга эришилди.
Хусусан, комбинат томонидан ушбу ойда қарийб 8 минг 950 тонна мис маҳсулотлари экспорт қилинди. Йил бошидан буён мис экспорти 31 минг 455 тоннани ташкил этиб, ўсиш суръати 103 фоизни ташкил этди.
7 минг 180 тонна мис катоди, 1 минг 366 тонна мис катанкаси (341,5 фоиз) хорижлик харидорларга сотилди. Мис қувурлари экспорти режаси 134,3 фоизга уддаланиб, 403 тонна маҳсулот хорижга жўнатилган. 6 минг 989 тонна жаҳон бозорида талабгир ҳисобланган рух метали экспорт қилинган.
Апрель ойи учун 800 тонна мис купороси экспорти режалаштирилган бўлиб, амалда 1 минг 289 тонна маҳсулот импортёрларга етказиб берилган. Яна бир салмоқли натижа сульфат кислотаси экспортида кузатилмоқда. 8 минг 395 тонна ушбу маҳсулот хорижий ҳамкорларга юборилиб, режа қарийб 323 фоизга бажарилган. 8 минг 360 тонна қўрғошин концентрати, 69 тонна молибден экспорт қилинган.

Шунингдек, рений, рух купороси, кадмий, вольфрам, палладий каби маҳсулотлар экспортида ҳам белгиланган натижага эришилган.
Қурилишда муҳим саналган цемент экспортида ҳам салмоқли натижага эришилган. Хусусан, 1 минг88 тонна портландцемент экспорт қилиниб, 146,8 фоизлик ўсиш суръати кузатилган. 22 минг 92 тонна цемент импортёрларга еткзиб берилган.
Комбинат томонидан апрель ойида 113 миллион 607 минг, йил бошидан буён 344 миллион 555 минг долларлик маҳсулот экспорт қилиниб, режа ортиғи билан бажарилган.
Комбинат маҳсулотлари экспорти географияси Туркия, Россия Федерацияси, Беларусь, Қозоғистон, Болгария, Озарбойжон, Қирғизистон, Украина, Польша, Тожикистон, Индонезия, Нидерландия, Хитой, Туркманистон, Афғонистон каби давлатларни қамраб олган.
Ҳозирда Қатар, Австралия каби давлатларга ҳам маҳсулот экспорти амалга оширилган. Экспорт географиясини кенгайтириш мақсадида Дубай ва жанубий Европа ҳудудига чиқиш мўлжалланмоқда.
Комбинат Ахборот хизмати.
ЎзА