Arabic
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Апелляция кенгаши: амалиёт ва самара
11:13 / 2020-08-28

Мамлакатимизда давлат органларининг аҳоли билан мулоқотини такомиллаштириш, уларнинг муаммоларини ҳал этишнинг янги механизмлари жорий этилди.


Мамлакатимизда давлат органларининг аҳоли билан мулоқотини такомиллаштириш, уларнинг муаммоларини ҳал этишнинг янги механизмлари жорий этилди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг виртуал қабулхонаси, жойларда эса Халқ қабулхоналари ташкил этилди. Ҳудудлар секторларга бўлиниб, ишни ташкил этиш тизимининг жорий этилганлиги халқ билан манзилли мулоқотнинг йўлга қўйилишига кенг имконият яратди.

Сўнгги вақтларда фуқаролардан доимий равишда ер ажратиш ва уй-жой билан боғлиқ, пенсия масаласи каби кўплаб мурожаатлар келиб тушаётганини, шу ўринда алоҳида таъкидлаш жоиз. Масалан, фақатгина адлия органларининг ўзига ўтган 2019 йилда ер ажратиш масаласида 3 минг 526 та, уй-жой масаласида 7 минг 397 та, ижтимоий ҳимоя (пенсия, нафақа) масалаларига оид 4 минг 434 та мурожаат келиб тушган. Ушбу мурожаатлар тегишли идораларда ҳал бўлмагандан сўнг фуқароларимиз бундай мурожаатларни кўришга ваколатли бўлган адлия, прокуратура органлари ёки тўғридан-тўғри судларга мурожаат қилган.

Президентимизнинг жорий йил 17 июнидаги “Низоларни муқобил ҳал этишнинг механизмларини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори билан муайян низони ушбу идора тизимининг ўзида ҳал этадиган, соҳага оид қонунлар қўллашнинг низоли масалалари бўйича хулосалар берадиган ҳамда қонунларда аниқланган нуқсонларни бартараф этиш чораларини кўрадиган коллегиал орган сифатида Апелляция кенгашлари ташкил этилди.

Апелляция кенгашлари эксперимент тариқасида Давлат божхона, Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри давлат қўмиталари, Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси ҳамда Бухоро, Наманган ва Тошкент вилоятлари ҳокимликлари ҳузурида ҳам фаолият юритмоқда.

Ушбу кенгаш жисмоний ва юридик шахсларнинг давлат органлари ёки мансабдор шахсларнинг ғайриқонуний хатти-ҳаракатлари (қарорлари) натижасида ўз ҳуқуқлари ёки эркинликлари бузилганлиги ҳақидаги мурожаатларини кўриб чиқиш билан шуғулланади. Айтиш жоизки, мазкур тартиб жисмоний ва юридик шахсларнинг бундай ишлар юзасидан тўғридан-тўғри бошқа ваколатли давлат органларига мурожаат қилиш ҳуқуқига дахл қилмайди, албатта.

Айрим давлат органлари тизимида бундай кенгашлар ташкил этиш амалиёти мавжуд. Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузурида Солиқ тўловчилар ва давлат солиқ хизмати органлари ўртасидаги солиқ низоларини судгача ҳал қилиш кенгаши ташкил қилинган. Ёки Адлия вазирлиги тизимида ихтиролар, фойдали моделлар ва саноат намуналарини, селекция ютуқларини, интеграл микросхемалар топологияларни, товар белгилари, хизмат кўрсатиш белгилари ва товар келиб чиққан жой номларини ҳуқуқий муҳофаза қилиш билан боғлиқ апелляцияларни судгача кўриб чиқувчи коллегиал органи сифатида Апелляция кенгаши ўз фаолиятини амалга оширади. Апелляция кенгаши қўшни Қозоғистон Республикасининг айрим давлат идораларида ҳам жорий этилган.

Шу ўринда, “Апелляция кенгаши қандай шакллантирилади, унинг асосий вазифалари нималардан иборат?” деган ўринли савол туғилади.

Жисмоний ва юридик шахслар ҳамда давлат органлари ўртасидаги низоларни судгача ҳал қилиш бўйича Апелляция кенгаши тўғрисидаги низомга асосан мазкур кенгашнинг таркиби тегишли давлат органи раҳбарининг қарори билан икки ярим йил муддатга тасдиқланади ҳамда коллегиал-маслаҳат органи ҳисобланади.

Апелляция кенгаши 7 нафардан 11 нафаргача аъзодан иборат таркибда тузилиши мумкин. Кенгаш аъзолигига амалий тажрибага ва обрў-эътиборга эга давлат органининг марказий аппарати таркибий бўлинмалари раҳбар ва ходимлари, шунингдек, соҳада катта амалий тажриба ёки илмий салоҳиятга эга бўлган обрўли фуқаролар қабул қилинади. Апелляция кенгаши жисмоний ва юридик шахслар ҳамда давлат органи ўртасида юзага келадиган низоларни судгача кўриб чиқиш ва хулоса қабул қилиш орқали уларни ҳал этиш чораларини кўради.

Шунингдек, мурожаатни кўриб чиқишда қонун ҳужжатида турлича талқин этилиши мумкин бўлган нормалар аниқланган, у амалиётда нотўғри ёки зиддиятли тарзда қўлланилган тақдирда, уларни белгиланган тартибда ваколатли идоралар орқали расмий шарҳлашни ташкиллаштиради. Мабодо, мурожаатни кўриб чиқишда қонун ҳужжатларидаги бўшлиқлар аниқланса, уларни бартараф этиш бўйича таклифлар киритади.

Апелляция кенгашининг вазифаларидан кўринадики, ушбу тузилма муайян бир мурожаатни кўриб чиқиши орқали давлат органи фаолиятида мавжуд тизимли хато ва камчиликларга барҳам бериш, ҳуқуқни қўллаш амалиётидаги бўшлиқлар, зиддиятли ҳолатлар ёки нотўғри амалиётга буткул барҳам бериши мумкин бўлади.

Албатта, Адлия вазирлиги Апелляция кенгаши ташкил этилаётган давлат органларининг бу борадаги фаолиятини доимий равишда мониторинг қилиб боради ҳамда тизимнинг самарали ишлашини таъминлаш мақсадида уларга яқиндан амалий ва услубий жиҳатдан кўмаклашади.

Хулоса ўрнида, давлат органлари тизимида жисмоний ва юридик шахслар ҳамда давлат органлари ўртасидаги низоларни судгача ҳал қилиш бўйича апелляция кенгашларининг ташкил этилиши жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш тизимини такомиллаштиради, низоларни ҳал қилишнинг муқобил имкониятларини кенгайтириш орқали судларда иш ҳажмини мақбуллаштиришда муҳим бўғин ҳисобланади.

Элдор МАҲКАМОВ,
Адлия вазирлиги Юридик таълим
ва суд-экспертиза фаолиятини
мувофиқлаштириш бошқармаси
бошлиғининг ўринбосари.