Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Анжуман: спорт соҳасида мутахассислар тайёрлаш муаммолари ва истиқболлари
22:04 / 2022-03-16

Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия ва спорт университетида “Жисмоний тарбия ва спорт соҳасида илмий салоҳиятни янада ошириш муаммолари ва истиқболлари” мавзусида жисмоний тарбия ва спорт соҳасидаги олимларнинг республика анжумани ўтказилди.

Анжуман Президентимизнинг 2022 йил 28 январдаги “2022 — 2026 йилларга мўлжалланган янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегияси тўғрисида”ги фармони ижросини таъминлаш мақсадида ташкил этилди.

Қайд этилганидек, мутахассисларни тайёрлаш жараёни узлуксиз равишда такомиллаштириб борилмас экан, керакли натижага эришиш мураккаблашиб боради. Давлатимиз томонидан олий таълимни ислоҳ қилиш борасида олиб борилаётган сиёсатнинг асосий талабларидан бири ҳам илмий салоҳиятни ошириш, илмий-тадқиқот билан шуғулланаётганларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашдан иборат. Сўнгги 3 йилда олий таълим тизимида илмий даражали педагоглар улуши республика бўйича 37,2 фоиздан 39,3 фоизга ўсди.

[gallery-6182]

– Илмий-тадқиқот ишларини олиб бораётган олимлар билан алоқаларни тиклаш, муассасалар ўртасида ҳамкорликни ривожлантириш, ёш олимларни жалб қилган ҳолда давра суҳбатлари, илмий семинарлар, анжуманларни ташкил қилиш муҳимдир, – дейди университет ректори, профессор Маҳмуджон Болтабаев. – 2019-2021 йилларда Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия ва спорт университетда фаолият олиб бораётган 34 нафар изланувчилар номзодлик (PhD) ва докторлик (DSс) дисертатасияларини ҳимоя қилишган. Жорий йил охиригача 33 тадқиқотчининг диссертация ишларини ҳимоя қилиши режалаштирилган.

Олимлар юқори малакали спортчилар тайёрлашда соҳа ташкилотлари билан яқиндан алоқада бўлиш, бакалавр ва магистрларнинг амалиётини спорт федерациялари ва соҳага ихтисослашган таълим муассасаларида ўташ кераклиги ҳақида айтиб ўтди. Айниқса, малакавий битирув ишлари ва магистрлик диссертациялари мавзуларини соҳа муаммолари асосида танлаш ва уларнинг натижаларини амалиётга татбиқ этиш масалалари ҳақида тўхталди.

Шундан сўнг иштирокчилар университетдаги мавжуд мутахассислик кафедралари фаолияти билан танишди. Ёш ўқитувчилар, докторантлар, магистрантлар ўртасида суҳбат қилинди.

Тадбир давомида “Sport” телерадиоканали давлат муассасаси ҳамда Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия ва спорт университети ўртасида ўзаро ҳамкорлик тўғрисидаги меморандум имзоланди. Асосий мақсадлардан бири спорт журналистлари ва шарҳловчиларининг касб маҳорати, замонавий таълим-кўникмаларини мунтазам равишда ошириб боришларига биргаликда кўмаклашишдир.

А.Мусаев, О.Ғуломов (сурат), ЎзА