Инсоният яралибдики, бевосита адабиёт билан ҳамнафас. Адабиёт қамраб олган оламлар ичра яна бир олам борки, ўта мураккаб ва ғоят мароқли. Бу оламга ҳамма адиб ҳам даъво қилолмайди. Фақат болалар учун ижод қилувчилар бундан мустасно. Табиийки, ҳеч бир ижодкор ўзига аниқ бир йўналиш белгилаб, ижод оламига қадам қўёлмайди. “Агар у чин ижодкор бўлса”. Улар танланадилар. Ана шундай танланганлардан бири ўзбек болалар адабиётининг йирик вакили, бетакрор адиб Анвар Обиджондир.
Инсон улғайгани сари болаликни қўмсаб яшайди. Лекин ҳамма ҳам бола бўлиб яшай олмайди. Анвар Обиджонни ана шундай бахтли ижодкор эди десак, адашмаган бўламиз. У нафақат болалар учун шеърлар, балки ҳикоялар ва қиссалар ҳам ёзган. Унинг дурдона асарлари адабиётимиз хазинасининг энг қимматбаҳо жавоҳирлари қаторида.
Миллатнинг ана шундай фарзандига эҳтиром кўрсатилди. Мустақиллигимизнинг ўттиз тўрт йиллик шодиёнаси арафасида Президент фармонига мувофиқ Анвар Обиджон “Меҳнат шуҳрати ордени” билан тақдирланди. Бу эса унинг мухлислари, оила аъзолари қалбига бениҳоя шодлик ва шукроналик келтиргани айни ҳақиқат. Чунки, адибнинг адабиёт олдидаги қарзини узиш учун бутун умри давомида меҳнат ва машаққати беқиёс. Ушбу эътироф ҳам ана шу матонатга мукофот бўлган бўлса, неажаб.
Буюкларни буюк қилган ҳеч шубҳасиз истеъдоддир. Анвар Обиджон ҳам улкан истеъдод соҳиби эди. Унинг муваффақияти ҳам Навоий ижодини севгани ва англаганида. Ҳазрат Навоий ижоди ва шахсига ғоят муҳаббатли бўлган адиб шундай ҳазил шеър ёзади:
Навоийга ўхшаш-чун
Патдан қалам йўндирдим.
Чопон кийдим сал узун,
Бошга салла қўндирдим.
Сотиб олдим бир жуфт шам,
Вазирбоп пар ёстиқча...
Энди фақат талант кам
Ва... хотин ҳам ортиқча...
Гарчанд адиб истеъдодини ҳазрат Навоий билан биз ҳам таққосламасак-да, адабиётга қўшган ҳиссаси салмоғини ўхшатсак, хато бўлмайди. Негаки, Навоий туркий тилни янги босқичга олиб чиққан бўлса, А.Обиджон ҳам болалар адабиётини янги даражага кўтарганини инкор этиб бўлмайди. Унинг номини эшитган киши бевосита болаликка қайтади.
Болажон халқмиз. Бироқ Фарғона водийсидан етишиб чиққан икки йирик болалар адиби А.Обиджон ва Х.Тўхтабоев мисолида ушбу ҳудудда яшовчи инсонларга хос самимият ҳам муҳим аҳамият касб этган бўлса неажаб, дея ўйлаб қолади киши. Ҳар икки ижодкор ҳақида сўз борганда адабиётшунослар болалар адабиётини сақлаб қолган қутқарувчилар, дея фикр билдиради. Бу бежиз эмас, албатта. Биз юқорида ушбу йўналишда ижод қилиш мураккаблигини айтиб ўтгандик. Боиси шуки, бунда ижодкордан фақат ўз туйғуларини қоғозга тушириш эмас, кенг тафаккур, ўзига хос образ яратиш ва энг муҳими, болалар дунёсида яшай олиш талаб этилади.
Энди биз ҳам бу фидойи ижодкорларимиз олдидаги қарзимизни узмоғимиз лозим. Уларнинг ижодий меросини ўрганиш, таҳлил ва тарғиб қилиш ва энг муҳими, ёш ижодкорларни муносиб авлод сифатида шакллантириш асосий вазифамиз бўлмоғи лозим. Шундагина адабиётимизнинг энг катта кемтиги сифатида қаралаётган болалар адабиётини асраб қолган ва Анвар Обиджон меҳнатини том маънода қадрлаган бўламиз.
Шербек Исломов, ЎзА