English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Анвар Музапов: “Электр энергиясини ўйлаб сарфлаш керак”
18:31 / 2022-06-20

Баъзан кўча чироғини ёниқ қолдирамиз, баъзан эса телевизор қўшилган қолади. Хонадонимиздаги маиший техникаларга сарфланаётган электр энергиянинг ҳар бир кВт электр энергия учун қанчалик машаққат эвазига ишлаб чиқарилаётганини ўйлаб ҳам кўрмаймиз.

Қашқадарё вилоятида электр энергиясини бошқариш тизимини такомиллаштириш, электр тармоқлари объектларини модернизация қилиш ҳамда ривожлантириш борасида амалга оширилаётган ишлар хусусида “Қашқадарё ҳудудий электр тармоқлари” АЖ раҳбари Анвар Музапов қуйидагиларни гапириб берди.

– Бугунги кунда электр энергетика тизимида шартли субсидияларнинг қўлланилиши натижасида давлатимиз электр энергетика тармоғини молиявий жиҳатдан қўллаб-қувватлаб туришга мажбур бўлмоқда. Амалдаги тарифлар электр энергиясини ишлаб чиқариш ва узатиш харажатларини тўлиқ қопламайди. Шу сабабдан давлат томонидан энергетика корхоналарини қўллаб-қувватлаш учун субсидиялар ажратилади.

Аҳоли истеъмолчиларига етказиб бериладиган электр энергияси учун давлат томонидан субсидия қўлланилган ҳолда нархлар белгиланган бўлиб, аҳоли истеъмолчиларига электр энергиянинг 1 кВт соати унинг ишлаб чиқариш ҳамда етказиб бериш таннархига нисбатан паст нархда, яъни 295 сўмдан етказиб берилмоқда. Таннарх ва нарх ўртасидаги тафовут эса давлат томонидан истеъмолчиларга шартли субсидия шаклида қоплаб келинмоқда. Бунинг натижасида энергия ишлаб чиқарувчилар ҳамда етказиб берувчилар учун капитал харажатларнинг етарли эмаслиги асосий воситаларнинг эскиришини кучайтириб, корхоналарнинг молиявий аҳволини ёмонлаштирди.

Амалдаги тартибга асосан истеъмолчилар электр энергиясини қанча кўп истеъмол қилса шунча кўп давлатдан субсидия олмоқда. Бу эса адолат нуқтаи назаридан нотўғри ҳисобланади.

Энергетика тизимидаги янги таклиф қилинаётган тариф ислоҳотига кўра ҳар бир аҳоли истеъмолчиси давлат томонидан электр энергияси учун субсидияларни адолатли, яъни “ижтимоий норма”дан чиқиб кетмаган ҳолда олади. Бунда аҳоли истеъмолчиларининг истеъмол қилинган электр энергиясига тарифлар қўлланилишида “ижтимоий норма” тушунчаси қўлланилади. Яъни аҳоли истеъмолчиларига давлат томонидан шартли субсидия қўлланиладиган электр энергиясига меъёр белгиланади. Бу меъёр таклиф қилинадиган қарорга мувофиқ аҳоли истеъмолчилари учун ойига 250 кВт соат этиб белгиланган.

Батафсил тушунтирадиган бўлсам, аҳоли истеъмолчилари учун ҳар бир истеъмолчига ойлик истеъмолининг 250 кВт соатигача бўлган қисмига субсидия қўлланилиб, ҳар 1 кВт соат электр энергия учун 325 сўмдан, ойлик истеъмоли 250 кВт соат дан ошган ҳар 1 кВт соат учун шартли субсидия қўлланилмаган нархда яъни 650 сўмдан етказиб берилади.

Қашқадарё вилоятининг 2021 йилдаги аҳоли истеъмолчиларининг ойлик электр энергияси тўғрисидаги маълумотлар устида ўтказилган таҳлиллар шуни кўрсатадики, вилоятдаги жами 659 679 та аҳоли истеъмолчилари 2021 йил давомида жами 1116 миллион.кВт соат электр энергияси истеъмол қилган. Истеъмолчиларнинг 570 969 таси (87 фоиз) ойлик электр энергияси истеъмоли 250 кВт соатдан ошмаган ҳолда йил давомида 517 991,5 минг кВт соат (46 фоиз) электр энергия истеъмол қилган. Аҳоли истеъмолчиларининг бу қатлам вакилларининг ўртача ойлик истеъмоли 75,6 кВт соатни ташкил қилгани юқоридаги таҳлиллардан яққол кўриниб турибди.

Истеъмолчиларнинг ушбу қатлам вакилларига янги тизим асосида “Ижтимоий норма”нинг қўлланилиши уларнинг электр энергия учун тўловларига сезиларли таъсир ўтказмайди. Қолган 88 711 та (13фоиз) истеъмолчилар ойига 250 кВт соатдан ортиқ миқдорда электр энергия истеъмол қилиб, 2021 йилда 600 174 минг кВт соат (54 фоиз) электр энергия истеъмол қилган. Ушбу истеъмолчиларнинг ўртача ойлик истеъмоли 563 кВт соатни ташкил этади. Аҳоли истеъмолчиларининг ушбу қатлами бошқа истеъмолчиларга нисбатан 7,4 баробарга кўпроқ электр энергияси истеъмол қилишади. Ваҳоланки амалдаги тарифга кўра ушбу истеъмолчилар электр энергияси учун давлатдан 250 кВт соатдан кам электр энергияси сарфлайдиган истеъмолчиларга қараганда 7,4 баробарга кўпроқ субсидия олиб келмоқда. Бундай истеъмол қилувчи аҳоли хонадонларида аксарият истиқомат қилувчилар “ўзига тўқ” оилалардан иборат. Бу эса адолат нуқтаи назаридан нотўғрилигига яна бир бор гувоҳ бўляпмиз.

Таклиф этилаётган тизим жорий этилиши натижасида аҳоли истеъмолчиларнинг “ижтимоий норма”дан ошиб кетмаган ҳолда электр энергиясини истеъмол қилишга ҳаракат қилишлари натижасида электр энергияни тежовчи маиший қурилмалардан фойдаланиш ёки уйни иситиш ва совитиш учун электр энергиясидан фойдаланадиган истеъмолчиларнинг замонавий технологиялар ёрдамида уйларини изоляция қилиш орқали электр энергиясини тежаб ишлатади.

Тарифларнинг оширилиши “Ижтимоий норма” нинг қўлланилиши электр энергетика соҳаси инфратузилмасини ривожлантирилишига – электр узатиш тармоқларини янгилаш, мустаҳкамлаш ва янги ишлаб чиқариш қувватларини қуриш ҳисобига таъминот сифатини оширишга маблағлар ажратиш имконини беради. Бунинг натижасида вилоятнинг чекка ҳудудларидаги истеъмолчиларни узлуксиз электр энергияси билан таъминлаш, электр энергиясининг тез-тез узилиш ҳолатларини олдини олиш ҳамда ҳудудлардаги юклама даражаси юқори бўлган трансформатор пунктларини, эскирган электр узатиш линияларини модернизация қилиш, янгилаш, қайтадан қуриш имкониятлари пайдо бўлади. Бир сўз билан айтганда истеъмолчиларга кўрсатиладиган хизмат сифати тубдан яхшиланади.

Ўзбекистон Республикаси электр энергетика тизимини ривожлантириш бўйича Марказий Осиё давлатлари орасида етакчи ҳисобланади. Биргина мисол сифатида юртимизда Электр энергиясини ҳисобга олиш ва назорат қилишнинг автоматлаштирилган тизими(АСКУЭ) ни ҳам Марказий Осиё давлатлари ичида биринчилардан бўлиб тўлиқ жорий этилганини келтиришимиз мумкин.

Жумладан Қашқадарё вилоятида истеъмолчиларга 674 435 дона (100 фоиз) ЭЭҲО ва НҚАТ га мос (АСКУЭ талабига жавоб берадиган) электр энергиясини ҳисобга олиш ускуналарини ўрнатиш ишлари амалга оширилди. 9 932 дона электр истеъмоли тўғрисидаги маълумотларни жамловчи ва узатувчи қурилмалар (концентратор) ҳамда трансформатор пунктларига баланс ҳисоблагичлар ўрнатилди. Ушбу истеъмолчиларнинг 657 474 донаси (97,5 фоиз) биллинг тизимига уланган.

Янги тарифларни жорий этилиши орқали электр энергетика тизимида хизмат кўрсатиш сифатининг яхшиланиши давлат энергетика соҳасига кўпроқ инвестицияларни жалб қилиш имкониятини беради. Бунинг натижасида эса ҳар бир истеъмолчига сифатли электр энергияси етказиб бериш имкониятига эга бўлинади.

Қашқадарё вилоятида 718 мингга яқин (шундан 45 мингдан ортиқ юридик ва 673 мингга яқин аҳоли) истеъмолчиларга 180 дона 35-110 кВ ли подстанциялар, 29 минг километр узунликдаги 0,4-110 кВ кучланишли электр узатиш тармоқлари ва 10,3 минг дона трансформатор пунктлари орқали электр энергияси етказиб берилмоқда. Вилоят истеъмолчиларини электр энергияси билан таъминлаб турган 3,5 минг дона (34 фоиз) трансформатор пунктлари ҳамда 12,2 минг километр (42 фоиз) узунликдаги электр узатиш тармоқлари эскириб, эксплуатация муддатини ўтаб бўлган. Ушбу муаммоларни ечиш учун корхонамиз томонидан қуйидаги ишлар амалга оширилди.

Таҳлил натижалари шуни кўрсатадики, тармоқдаги муаммоларни бартараф этиш учун 1991 йилдан 2016 йилгача 1072 километр электр узатиш тармоғи ва 305 дона трансформатор пунктларида реконструкция ишлари олиб борилган бўлса, охирги 5 йилликда яъни, 2017-2021 йилларда Ҳукуматимиз томонидан истеъмолчиларга етказиб берилаётган электр энергияси сифатини яхшилаш, тармоқлардаги исрофни камайтириш мақсадида чиқарилган дастурлар доирасида 4 751,5 километр электр узатиш тармоғи ва 1 258 дона трансформатор пунктларида реконструкция ва модернизация ишлари амалга оширилди.

Бунда 90 нафар ишчи ходимлардан ташкил этилган 18 та бригада, махсус техникалар яъни 4 дона юк ташувчи (шаланда), 4 дона автокран ва 17 дона ер қазиш (ямабур) махсус автотранспорт воситалари ёрдамида қурилиш-монтаж ишлари олиб борилмоқда. Шунингдек, Давлат дастурлари доирасида электр тармоқларида амалга ошириладиган реконструкция –модернизация ишларини жадаллаштириш, харажатларни камайтириш мақсадида жамият қошида темир-бетон устунлар ишлаб чиқариш ҳамда таянч траверсаси ясаш цехлари ишга туширилиб, 35 нафар фуқаро иш билан таъминланди.

Бу бошқа корхоналардан бир дона темир-бетон устунини сотиб олиш учун 1,4 миллион сўм атрофида қилинадиган харажатдан воз кечиб, жамият қошидаги цехда ўртача 860 минг сўмдан ишлаб чиқариш йўлга қўйилди. Бунинг натижасида йилига 8,6 миллиард сўмлик харажатни камайтиришга эришилади. Жумладан 2021 йилда амалга оширилган ишларни таҳлил қиладиган бўлсак, истеъмолчиларга 5,6 миллиард кВт.соатдан ортиқ (аҳоли истеъмолчиларига 1,02 миллиард кВт.соатдан, юридик истеъмолчиларга 4,58 миллиард кВт.соатдан ортиқ) электр энергияси етказиб берилган.

Президентимизнинг тегишли қарорлари асосида ишлаб чиқилган давлат дастурлари доирасида 1,5 минг километр паст кучланишли электр тармоқлари ва 400 дона трансформатор пунктларини янгидан қуриш ва реконструкция ишлари бажарилиб, 75,3 миллиард сўм маблағ сарфланган. Шунингдек, “Обод қишлоқ” ва “Обод маҳалла” дастурлари доирасида 216 километр электр тармоқлари ва 40 дона трансформатор пунктлари янгидан қурилди ва реконструкция қилинди.

2021-2022 йиллар куз-қиш мавсумига тайёргарлик кўриш доирасида ҳудудларда 2,6 минг километр узунликдаги электр узатиш тармоғи, 964 дона трансформатор пункти ва 1 та юқори кучланишли подстанциялар мукаммал таъмирланган. Шунингдек, 5 минг километр электр узатиш тармоқлари, 1,7 минг дона трансформатор пунктлари жорий таъмирланган. Бундан ташқари, Косон туманидаги “Турон” подстанциясига 16 МВА қувватига эга бўлган куч трансформаторини 25 МВАли куч трансформаторига алмаштириш эвазига қўшимча 9 МВА қувват яратилди. Натижада Косон туманидаги 10 минг гектар бўш турган яйлов ерлари ўзлаштирилишига ва тадбиркорларнинг электр энергиясига бўлган талабини қондирилишига шароит яратилди.

Қарши шаҳридаги “Жанубий” подстанциясига 2,5 МВА қувватига эга бўлган куч трансформатори 10 МВАли куч трансформаторига алмаштириш эвазига қўшимча 7,5 МВА қувват яратилди. Натижада Қарши шаҳридаги йирик корхоналардан бири бўлган “Sulton Tex Group” МЧЖ нинг ишлаб чиқариш корхонаси фойдаланишга топширилиши ва электр таъминоти барқарорлиги таъминланиши эвазига минг нафарга яқин фуқаро доимий иш билан таъминланди. “Golden Oil” МЧЖ нинг электр таъминоти барқарорлашди.

Чироқчи туманидаги “Истиқбол” нимстанциясига қўшимча қуввати 4 МВА бўлган куч трансформаторини қуриш эвазига қўшимча 4 МВА қувват яратилди. Натижада, Чироқчи туманидаги чорвачилик, деҳқончилик билан шуғулланувчи ҳамда бошқа турдаги тадбиркорлик субъектларини электр энергияси етказиб берилишини барқарорлиги ва сифати яхшиланишига, электр энергиясининг йўқотилишини олдини олинишига эришилди.

Юқорида келтириб ўтилган ишлар натижасида 349 та маҳаллалардаги 210 мингдан ортиқ аҳоли хонадонларига, 3,5 мингдан ортиқ тадбиркорлик субъектлари ва ижтимоий соҳа объектларига етказиб берилаётган электр энергиясининг сифати яхшиланди.

Жорий йилда ҳам бу каби ислоҳотлар давом эттирилмоқда. Мақсад аҳолига сифатли хизмат кўрсатиш.

ЎзА мухбири Ўлмас Баротов суҳбатлашди.

Жамшид Норқобилов (сурат) ЎзА.