English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Анвар Ҳамид Ал-Сананий: Ўзбекистон бозори фаолиятимиз учун истиқболли эканига амин бўлдим
18:24 / 2024-12-18

ЎзА мухбири “Халқаро минбар” лойиҳаси доирасида Ўмон Султонлиги Савдо саноат палатасининг Жанубий Аш-Шарқия муҳофазасидаги бошкармаси раиси Анвар Ҳамид Ал-Сананийнинг Ўзбекистон-Ўмон иқтисодий салоҳиятлари бўйича фикрларини ёзиб олди.

– Юртингизга ташриф буюрганимизда Ўзбекистон бозори фаолиятимиз учун истиқболли эканига амин бўлдим, -деди у. – Айниқса, Сирдарё вилоятида ҳамда Ўмоннинг Тошкентдаги элчихонасида бўлиб ўтган бизнес форумлар самарали ташкил этилди. 

Ўлкаларимиз муносабатларида асосан, истиқболли имкониятларга бой иқтисодий соҳа ажралиб туради. Иккала томон учун ҳам мазкур ҳамкорликнинг энг ёрқин самараларидан бири 2010 йил ташкил этилган, бугунги кунда инвестиция фонди активи 500 миллион доллардан ошган йирик молиявий тузилма – “UzOman Capital” Ўзбекистондаги кўплаб компанияга сармоя киритди. 

Айтиш ўринлики, “UzOman Capital” инвестиция компаниялари орасида активларни бошқариш бўйича энг илғор жамоа сифатида тан олинган. Қувонарли жиҳати, икки давлат ўртасидаги савдо айирбошлаш ҳажми сентябрь ойи охирида 5,3 миллион Ўмон риалига (13,77 миллион АҚШ доллари) етди. 

Шу нуқтаи назардан, бу ташрифимиз сармоявий имкониятларни, айниқса яшил энергия, инфратузилма, сайёҳлик сектори, логистика хизматлари ва бошқа кўплаб истиқболли тармоқларни ўрганиш мақсадида бўлди. Ўттизга яқин тадбиркорлар билан Ўзбекистон Экспортчилар уюшмаси вакиллари ҳамроҳлигида Сирдарё вилоятига ташриф буюрганимизда, ҳудуднинг бир қатор тадбиркорлик субъектлари хусусан, "Elegant Fiber Textile" корхонаси, Янгиер шаҳрида жойлашган "Yangiyer flour trading" ун ҳамда қоп ишлаб чиқариш корхонаси, "Eco wood Plus" мебель ишлаб чиқариш корхонаси, Ҳовос туманида жойлашган "Chengiz Energy" гидроэлектр станциясида бўлиб, янги лойиҳалар билан яқиндан танишдик. 

Тошкент шаҳрида ўтказилган Ўмон-Ўзбекистон бизнес форуми ҳамда B2B форматдаги икки томонлама учрашувлар давомида имкониятлар ва муаммолар, потенциал лойиҳалар ҳақида суҳбатлашдик. Ушбу йиғин орқали ишбилармон доира вакиллари аниқ лойиҳа таклифлари асосида бизнес ҳамкорлик истиқболларини батафсил муҳокама қилиш имкониятига эга бўлди. 

Эътиборли томони, анжуман доирасида Ўзбекистон Экспортчилари уюшмаси ва Ўмоннинг “Thunder Logistics” компанияси ўртасида ўзаро ҳамкорлик тўғрисидаги меморандум имзоланди. Шунингдек, “Bawadi Al-Shamal” савдо ва пудратчи компанияси ҳам ёнғоқ ва қуритилган мевалар экспортига ҳисса қўшаётган “Agro Bazaar” компанияси билан иқтисодий ҳамкорликни кенгайтириш борасидаги саъй-ҳаракатлар доирасида ҳамкорлик шартномасини имзолади. 

Умуман олганда, Ўзбекистонда тадбиркорлик фаолияти учун яратилган қулай шарт-шароитлар, тўқимачилик саноати, қишлоқ хўжалиги, логистика, кўчмас мулк бошқаруви, меҳмонхона бизнеси ва туризм каби соҳаларда қиймати юқори бўлган лойиҳалар бисёрлиги бизга манзур бўлди. 

Муҳаррама Пирматова ёзиб олди. 

ЎзА