French
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Антониу ГУТЕРРИШ: «Иқлим муаммоси биринчи даражада ҳал этилиши керак»
14:38 / 2022-11-08

Шу кунларда Мисрнинг Шарм Ал-Шайх шаҳрида БМТ иқлим ўзгариши бўйича доиравий конвенцияси иштирокчиларининг 27-сессияси бўлиб ўтмоқда.

100 дан ортиқ давлат ва ҳукумат раҳбари қатнашаётган ушбу саммитда БМТ Бош котиби Антониу Гутерриш ривожланган ва ривожланаётган мамлакатларга Иқлим бўйича бирдамлик пакти тузишни таклиф этди. Ҳужжат дунёда кечаётган глобал исиш жараёнини тўхтатишга ёрдам беради. 

БМТ матбуот хизматидан маълум қилинишича, ушбу янги шартномага кўра,  қудратли давлатлар ва халқаро молия ташкилотлари ривожланаётган мамлакатларнинг муқобил энергия манбаларига ўтишини тезлаштириш учун  молиявий ва техник кўмак бериши керак.

Ҳужжатда қазиб олинадиган ёқилғига қарамликни қисқартириш, янги кўмир электр станциялари қурилишини аста-секин тўхтатиш, Иқтисодий ҳамкорлик ва ривожланиш ташкилотига аъзо мамлакатлар 2030 йилгача, бошқа давлатлар 2040 йилгача кўмирдан босқичма-босқич воз кечиш тўғрисидаги қоидалар акс этиши керак.

БМТ Бош котиби ёқилғи қазиб олиш билан боғлиқ компанияларга қўшимча даромад солиғи жорий қилишни таклиф қилди. Гутерриш бу маблағни озиқ-овқат ва энергия нархи ошишидан қийналаётган ҳамда иқлим ўзгаришидан  зарар кўрган мамлакатларга йўналиштириш зарурлигини айтди.

Ўз навбатида, БМТ иқлим ўзгариши бўйича доиравий конвенцияси Ижрочи директори Саймон Стил ҳукуматларни уч муҳим йўналишга эътибор қаратишга чақирди.

Булар - Париж келишуви қоидаларини амалга оширишга ўтиш, иқлим ўзгаришига мослашиш, иқлим бузилиши оқибатига қарши курашни молиялаштиришни  сезиларли даражада ошириш, шунингдек, бу борада очиқлик ва жавобгарлик тамойилини кўпроқ ҳисобга олиш.

БМТ матбуот хизмати материаллари асосида 

Г. Абдуллаева тайёрлади.

ЎзА