Андижон давлат техника институтида “Антикоррупция билимдони” беллашуви бўлиб ўтди.
Халқаро коррупцияга қарши кураш куни муносабати билан институтнинг Енгил саноат ва кимё муҳандислиги факультети “Ал-химиклар” жамоаси ташаббуси билан талабалар ўртасида тадбир ўтказилди. Унда ёшлар орасида коррупцияга қарши кураш маданиятини ошириш, ҳалоллик тамойилларини тарғиб этиш, шунингдек, коррупциянинг жамият тараққиётига салбий таъсирини чуқур англашга кўмаклашиш мақсад қилинди.
Беллашувда факультетларнинг талабалар жамоалари иштирок этиб, коррупцион ҳолатларга қарши курашиш, уни келтириб чиқарувчи омилларни бартараф этиш борасидаги билим ва кўникмаларини намойиш этди. Тадбир ёшларда коррупцияга нисбатан муросасиз муносабатни шакллантиришга қаратилганлиги билан аҳамиятли бўлди.
Шунингдек, талабалар томонидан саҳна кўринишлари намойиш этилди. Чиқишларда коррупциянинг аянчли оқибатлари, ҳалолликнинг жамиятдаги ўрни ҳамда фуқаролик масъулияти бадиий тарзда ёритиб берилди.
Иштирокчиларнинг мавзу доирасидаги билим ва кўникмалари савол-жавоблар, ижодий чиқишлар орқали синовдан ўтказилди, нуфузли ҳакамлар ҳайъати томонидан баҳолаб борилди.
– Тадбирда иштирок этиб, нафақат мен, балки барча тенгдошларим коррупция қанчалик аянчли оқибатларга олиб келиши мумкинлигини янада чуқурроқ англаб етдик, – дейди Машинасозлик иқтисодиёти ва бошқаруви факультети 1-босқич талабаси Латофатой Тожиматова. – Шу боис, коррупцион ҳолатларга, унинг ҳар қандай кўринишларига нисбатан муросасиз бўлишга ҳаракат қиламиз.
[gallery-26580]
Якунда ғолиб жамоалар ҳамда беллашувнинг фаол иштирокчилари институт ректорати томонидан муносиб рағбатлантирилди.
“Антикоррупция билдимдони” беллашуви талабаларнинг бу борадаги билим ва тушунчаларини мустаҳкамлаш билан бирга, институтда коррупцияга қарши курашиш борасидаги тарғибот ишлари самарадорлигини янада оширишга хизмат қилди.
Ф. Убайдуллаев,
З. Умрзоқов (сурат), ЎзА мухбирлари