Антик давр ўйинчоқларини биласизми?
Нукусдаги И.Савицкий номидаги давлат санъат музейида “Жанубий Оролбўйи майда пластикаси” номли кўргазма-семинари ўтказилди. Кўргазмада музей фондидан милоддан аввалги IV аср ва милодий IV асрларга тегишли 30 га яқин терракота-ҳайкалчалар намойиш этилди ва улар тўғрисида мутахассислар томонидан батафсил маълумот берилди.
Нукусдаги И.Савицкий номидаги давлат санъат музейида “Жанубий Оролбўйи майда пластикаси” номли кўргазма-семинари ўтказилди. Кўргазмада музей фондидан милоддан аввалги IV аср ва милодий IV асрларга тегишли 30 га яқин терракота-ҳайкалчалар намойиш этилди ва улар тўғрисида мутахассислар томонидан батафсил маълумот берилди.
– Қадимги Хоразмда дастлабки ҳайкалтарошлик намуналари милоддан аввалги III минг йиллик охири II минг йиллик бошларига тегишлидир, – дейди Нукус давлат педагогика институти доценти, тарих фанлари номзоди Бахит Турғанов. – Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилояти ҳудудидаги антик даврдаги Қўйқирилганқалъа, Тупроққалъа, Қалалиқир, Кўзалиқир, Хозарасп, Бозорқалъа каби шаҳарлардан мана шундай ҳайкалтарошлик санъатининг ноёб намуналари кўплаб топилган. Жумладан, С.П. Толстов раҳбарлигидаги археологик экспедициялар натижасида антик Хоразм воҳасидан 400 га яқин турли хил ҳайкалчалар қайд қилинган. Уларнинг аксарияти мил. авв. IV-III асрлардан милодий IV асрга тааллуқли ҳисобланади. Маълумки, бу даврда қадимги Хоразм маданияти ҳар томонлама юксак даражада ривожланган. Қадимги Хоразм воҳаси халқлари қиёфасини, тарихини, этнографиясини, дунёқарашини, эстетик тафаккурини, ҳаёт тарзини ифодаловчи ушбу санъат тури ҳанузгача етарлича ўрганилмаган.
Антик даврга оид Хоразм ҳайкалтарошлик санъатида турли хил қиёфадаги аёллар, эркак кишининг боши қисми, ҳукмдорлар, отлиқ чавандоз, зооморфли сопол буюмлар, от, кийик, афсонавий қуш, туя, шер боши каби ҳайкаллар кенг тарқалган. Ўша даврга оид сопол ҳайкалчалар асосан қизил, сариқ ва жигарранг бўёқларда, нафис дид билан чиройли қилиб бўялган. Бу эса кулолчилик ҳунармандчилигида, айниқса сопол ҳайкалчаларни ясашда янги техник услуб қўлланила бошланганлигини кўрсатади.
Археологик топилмалар ичида Хоразм ҳосилдорлик маъбудаси Анахитанинг қиёфаси акс эттирилган кўплаб ҳайкалчаларни учратишимиз мумкин. Улар турли хил ўлчамда бўлиб, аксариятининг ўртача баландлиги 7-20 см, энига 5-10 см, қалинлиги 4-7 см.ни ташкил этади.
Қўйқирилганқалъадан қайд қилинган ҳайкалчалардан бирида Анахита бир қўлини кўксига қўйиб, иккинчи қўлини осилтириб турган ҳолда, иккинчи ҳайкалчада ўнг қўлида амфора (қўш қулоқли кўза) ва чап қўлида коса ушлаган қиёфаси кўрсатилган. Мазкур ҳайкаллар Хоразмнинг антик Юнонистон билан маданий алоқаларидан гувоҳлик беради.
Антик давр Хоразм ҳайкалтарошлигида маъбуд ва маъбудалардан ташқари, реализм жанрида ишланган ҳайкаллар ҳам кўплаб учрайди. Улардан Қўйқирилганқалъа, Тупроққалъа ва Бургутқалъа яқинидан эркак одам боши қиёфасидаги ҳайкаллар топилган.
– Савицкий музейи фондида шу каби ҳайкалчаларнинг умумий сони 168 тани ташкил этади. Шундан 130 га яқини ҳайвон ва қушлар тимсолида, 23 таси аёл ва эркак гавдаси тимсолида, 3 таси маълум мақсадларда қўлланилган таглик кўринишида, 1 та болалар ўйинчоғининг ғилдираги, 4 та меъморий безак бўлакчаси, қолганлари идиш деворларидаги тасвирли бўлакчаларидир, – деб маълумот беради музейнинг археология бўлими илмий ходими Дилфуза Қудайбергенова. – Терракота (италиянча “terra” - тупроқ, лой, “cotta” - куйдирилган) деб номланувчи лойдан ишланиб, хумдонда пиширилган ушбу майда ҳайкалчаларнинг зардуштийлик маданиятида ўзига хос ўрни бўлган. Яъни, бундай ҳайкалчалар ҳар йили янги йил – Наврўз кириб келганда одамлар томонидан бозорлардан сотиб олинган ҳамда йил охирида уларни эски йил билан қолиб кетсин деб, синдиришган. Шунинг учун ҳанузгача бу каби ҳайкалчаларнинг бутун тури топилмаган.
Илмий манбаларда таъкидланишича, Хоразмнинг антик даврдаги ёдгорликларидан қайд қилинган ҳайкалчаларнинг деярли барчаси синиқ, фрагмент ҳолатда учрайди. Тарихий манбаларга кўра бу зардуштийлик динидаги урф-одат ва анъаналарга боғлиқ удум ҳисобланган. Бу ҳақида Муҳаммад Наршахийнинг “Бухоро тарихи” асарида Зардуштийлик динидаги Бухоро аҳолиси ҳар йили Наврўз байрами куни шахсан подшоҳ иштирок этадиган бозордан худоларнинг ҳайкалларини сотиб олишларига тўхтаб ўтилган. Унинг ёзишича, “Бухорода бир подшоҳ бўлиб, унинг номи Моҳ эди. Унинг фармони билан ҳунарманд ва дурадгорлар у йилдан бу йилгача бут (ҳайкалча) ясашиб, белгиланган кунда шу бозорга келтириб сотишар экан. Қачонки қайси хонадонда бут йўқолса, синса ёки эскирса шу бозор куни бошқасини сотиб олар ва эскисини синдириб ташлар экан”.
Жанубий Оролбўйида топилган терракота-ҳайкалчалар болалар ўйинчоқлари вазифасини ҳам ўтаган. Кўргазмада қўйилган экспонатлар ичида антик Қрим-Кавказ маданиятига тегишли буёқ суртилган ҳамда фил суягидан ишланган ҳайкалчалар ҳам учрайди. Тахмин қилинишича, улар бу ерга совға сифатида келтирилган бўлиши мумкин.